‘Муҳожирларни вақтинча қабул қилишга розимиз’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Куала-Лумпурда ўтказилган Малайзия, Таиланд ва Индонезия расмийлари иштирокидаги фавқулодда учрашувда денгизлардаги кемаларда қолиб кетаётган муҳожирларга вақтинча бошпана беришга келишганлар.

Муҳожирларнинг кўпчилиги Бирмадаги таъқиблардан қочган Роҳинга мусулмонлари эканига қарамасдан, Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Мянмар расмийлари қатнашишдан бош тортганлар.

Мянмар ҳукуматига кўра, Жануби-Шарқий Осиёда юзага келган муҳожирлар инқирози учун Мянмар масъул эмас.

Малайзия, Таиланд ва Индонезия денгизларда қолиб кетган муҳожирларни ўз ҳудудларига олишга рози эканларини билдирганлар, бундан кейин халқаро ҳамжамият бу муҳожирларни бошқа мамлакатларга жойлаштиришга кўмак бериши лозимлигини таъкидлаганлар.

Охирги ойда Малайзия, Индонезияга етиб олиш мақсадида кемаларда йўлга чиққан ноқонуний муҳожирларнинг сони ортди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Куала-Лумпурда уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари учрашдилар.

Бунга жавобан Малайзия ва Таиланд муҳожирлар учун ўз чегараларини ёпди, бироқ Индонезия ўзининг денгиз сарҳадларини тўлиқ беркита олмади.

Халқаро ҳамжамият бу мамлакатларга босим ўтказмоқда, муҳожирларни қутқариш йўлида фал ҳаракат қилишларини талаб қилмоқда.

Аммо агар қочқинларни қабул қилсалар бундан ҳам кўп сондаги муҳожирлар ёпирилиб келишидан чўчиётган Таиланд, Индонезия ва Малайзия ўз соҳилларига яқин келган муҳожирларнинг кемаларини ортга қайтаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Озиқ-овқат ва ичимлик сувисиз қолган муҳожирлар денгизда бир неча ойлаб қолишга мажбур бўлганлар, инсонлар ҳаётдан кўз юмган, кемадаги муҳожирлар ўртасида овқат устидан жанжаллар келиб чиқиб, бир-бирларини ўлдирган ҳоллари бўлган.

Мянмардаги мусулмон Роҳингаларни Бирма ўз фуқаролари деб тан олмайди, охирги йилларда Роҳингаларга нисбатан бу мамлакатда тазйиқлар кучайган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Роҳингалар буддойилар таъқибидан қочишга ҳаракат қилаяптилар, Бангладешдан чиққанлар эса қашшоқликдан қутулишни мақсад қилган инсонлардир.

20 май куни Малак бўғозида яна 370 муҳожир қутқарилган.

Улар орасида камида 50 бола ва аёл бўлган.

Кемадагиларнинг айтишича, денгизда тўрт ойдан буён қолиб кетганлар.

Кема мотори бузилган, эгаси эса муҳожирларни ташлаб кетган.

“Бизнинг озиқ-овқатимиз тугаб қолди. Биз Малайзия соҳилига тушмоқчи бўлдик, лекин бизга рухсат беришмади”, деб айтган қутқарилганлардан бири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio