Рамзан Қодиров: ‘Аёлингизни WhatsApp дан узоқ тутинг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

57 ёшли полиция бошлиғининг шов-шувли тўйи роса “гап” бўлиб кетиши ортидан, Чеченистон президенти эркакларга ана шундай даъват билан чиққан.

“Уларни уйга “қамаб”, ташқарига чиқишларига изн берманг. Шундагина улар ҳеч нарса чоп қилишолмайди”, - деб айтган чечен раҳбари.

Ножай-Юрт тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва 17 ёшли ўқувчи қиз ўртасидаги тўйнинг ўзини эса, Рамзан Қодиров жаноблари дастаклаб чиққанди.

Бунга полиция бошлиғининг уйланган эркак экани ҳам, бўлажак келиннинг ёши ҳам, тўйнинг Россия қонунчилигига зид экани ҳам тўсқинлик қила олмаганди.

Бўлиб ўтган воқеаларнинг барчаси ортидан, унинг маъмурияти бошлиғи, ҳатто, Чечинистонда кўпхотинлиликни қонунийлаштириш таклифи билан ҳам чиққанди.

Бошқа томондан, Россия Президенти Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиси, Чеченистоннинг авторитар раҳбари яқинда келин ўғирлаш ва эрта никоҳ ҳолларига расман чек қўйгани ҳам бор гап.

Энди эса, унинг ўзи ҳам кўпхотинлиликка у қадар қарши кўринмайди.

“Буларнинг барчаси Шариатга мувофиқ бўлиши керак: Агар, бир эркак биттадан ортиқ хотинни ўзига эп кўролса, нега бундай қилмаслиги керак”, - деб иддао қилган, жумладан, унинг бош ёрдамчиси Магомед Даудов.

Чеченистон аҳолисининг аксарияти эса, мусулмонлардан иборат.

“Оила шаъни”

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Шов-шувли никоҳ маросимининг ўзи ўтган шанба куни бўлиб ўтган.

Тўй арафасида маҳаллий нашрлар эса, полиция бошлиғи Нажуд Гучигов Хеда Гойлабиеванинг уйидан ташқарига чиқишига изн бермай, оиласига қизини ўзига беришмаса, қасос олиши билан таҳдид қилгани ҳақида ёзишганди.

Аммо бошқа хабарлардан расмий Кремлнинг қўллови билан 2007 йилда Чеченистонда иқтидорга келган Рамзан Қодировнинг шахсан ўзи бу тўйга оқ фотиҳа берганлиги англашилганди.

Буларнинг барчасига қўшимча, жаноб Қодиров зиддиятли тўй тафсилотларининг Whatsapp да муҳокама қилинишини ҳам қоралаб чиққанди.

“Бас қилинг. Чеченларга ўхшаб иш тутинг. Энг муҳими – оиланинг шаъни”, - деб айтганди Чеченистон президенти айрим хабарларда келтирилган иқтибосларида.

Ўтган ҳафта Рамзан Қодиров бу хусусда ўзининг ‘Instagram’ аккаунтида ҳам тўхталиб ўтган, Россия матбуотидаги тўйга оид шов-шувли чиқишлар “айрим либералларнинг буюртмаси” эканини иддао қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Барча хабарларга ёлғон чапланганини айтиб, тўйга қизнинг ота-онаси рози эканини баён қилганди.

Илк бор ўз ихтиёрига қарши 17 ёшли қизни турмушга узатмоқчи бўлаётганлари ҳақидаги хабарни Москвада нашр этиладиган "Новая газета" тарқатган.

Тўй бўлиб ўтган кунда эса "Новая газета" таҳририяти Чеченистон ҳудудида ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида эълон қилган.

Таҳририят веб-сайтидаги эълонга кўра, бунинг сабаби, Чеченистон ҳудудида ўз журналистининг қонуний фаолият юритишига тўсқинлик қилинганидир.

"Новая газета" Россия Тергов қўмитасига ариза билан мурожаат қилишни режалаётганини хабар қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ