Бойлар ва камбағаллар орасидаги фарқ кенгайиб бормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Бу каби хулосага Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти келган.

Ташкилотнинг янги ҳисоботида айтилишича, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ сўнгги 30 йил давомидаги энг юқори нуқтасига етган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, тенгсизликнинг бу қабила ортиб бориши иқтисодий ўсишни барбод этади, ижтимоий тизимларни ишдан чиқаради.

Ташкилотнинг янги ҳисоботида айтилишича, дунёнинг ўзларига аъзо 34 давлатида бир сиқим (10 фоиз) бойлар бир сиқим(10 фоиз) камбағаллардан кўра 10 баробар кўпроқ пул топишади.

Уларнинг орасида Оврўпо Иттифоқининг аксарият давлатлари, бундан ташқари, дунёнинг иккита иқтисодий қудратидан биттаси бўлган АҚШ, яна Канада, Япония ва Австралия ҳам бор.

Худди шу рақамларига таянаркан, Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти жаҳон бўйлаб бойлар ва камбағаллар орасидаги тафовут кенгайиб бормоқда, деган хулосага келади.

Ўз ўрнида, ҳисобот муаллифларининг ўзлари ҳам “нотенглик”нинг даражасини аниқлашга изн берувчи ягона механизм йўқлигини эътироф этишади.

Аммо, уларга кўра, ўзларига имконли бўлган рақамлар ва кўрсаткичлар глобал иқтисодий инқироз пайтида бу фарқнинг кичрайгани, аммо, ҳозирга келиб, яна каттара бошлаганига далолат қилмоқда.

Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотининг огоҳлантиришича, бу каби нотенглик иқтисодий тараққиётнинг йўлига ғов бўлиши мумкин.

Ҳисобот муаллифларига кўра, кучайиб бораётган нотенгликнинг энг асосий сабабларидан бири – муваққат меҳнат шартномалари ва ўз бошича пул топиш каби “ностандарт иш” ҳолларининг ортиб бораётганидир.

МДҲ даги вазият қандай?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2011 йилда Россия Давлат Статистика қўмитаси худди шу мақсадда собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудидаги иқтисоди йирик беш давлат аҳолисининг даромадларини таҳлил этганди.

Қўмита ўз тадқиқотлари ортидан, бу давлатларнинг ҳар бирида камбағаллар ва кам таъминланганларнинг сони аксарият кўпчиликни ташкил этишига оид хулосага келганди.

Дейлик, ўша пайтда миллиардерлар ва йирик миллионерлар сони бўйича дунёда бешинчи ўринда турувчи Россияда аҳолининг тўртдан уч қисми ночорликда ҳаёт кечирган.

Экспертларнинг хавотирланишларича, жамиятдаги бу каби кескин табақалашув Россиянинг тараққиётига ғов бўлиб, мамлакатдаги ички вазиятни ҳам хавфли даражада беқарорлаштириши мумкин.

Беларусда "ночорлар" ва "кам таъминланганлар"нинг сони 67 фоизни ташкил этган пайтда, ўзига тўқ ва бойларининг сони бор-йўғи 4.5 фоиз бўлиб чиққан.

Тадқиқот муаллифларининг ҳисоб-китобларидан Озарбайжон, Қозоғистон ва Украинада ҳам ўзига тўқларнинг сони ниҳоятда арзимас экани маълум бўлган.

Россиялик социологлар ўша йили бу ҳар уч давлатдаги фуқароларнинг 90 фоиздан ортиқроғини камбағаллар тоифасига киритишган.

Ўзбекистонда ҳам ижтимоий табақаланиш аломатлари тобора кўзга ташланиб бораётгани кузатилади.

Аммо маҳаллий кузатувчиларга кўра, бойларнинг сони ёки уларнинг бойликлари миқдори мамлакатда расман ошкор этилмайди.

Турли халқаро ҳисоботларда Ўзбекистонда ҳам аҳолининг катта қисми билан солиштирганда, бойларининг сони кичик фоизни ташкил этиши айтилади.

Президент Ислом Каримов эса, худди шу масалада Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларидан бирида қилган чиқишида "Ўзбекистонда ўта бой ва ўта камбағаллар бўлмаслиги"ни айтганди.

Жаноб Каримов 2012 йилги ўша чиқишида бундан 10 йил аввал Ўзбекистонда бойларнинг даромадлари камбағалларникидан 20 фоиз кўп бўлган бўлса, бугунга келиб, бу фарқ фақатгина 8 фоиздан сал кўпроқни ташкил этишини баён қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ