Путин "номақбул" хорижий ташкилотлар борасидаги қонунни имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Президенти Владимир Путин хорижий ташкилотларнинг мамлакатда фаолият юритишини ман этишга йўл очадиган қонунга имзо чекди.

Қонунга мувофиқ, расмий идоралар миллий хавфсизлик ваъжи билан хорижий ноҳукумат ташкилотларни "номақбул" деб топишлари мумкин.

Бу каби ноҳукумат ташкилотларга ишлаётган шахслар эса жарималарга тортилиши ёки олти йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилишлари мумкин.

Танқидчиларга кўра, Кремл бу билан Путин фикрига мухолифларни бостиришга уринаяпти.

"Номақбул" сўзининг ифодаси ҳар қандай талқинга очиқдир, лекин Интерфакс хабар агентлигига кўра, у "Россиянинг конституциявий тартиби, мудофааси ва хавфсизлиги асослари"га таҳдид деб кўрилган ташкилотларга нисбатан ишлатилади.

Россиядаги сиёсатга алоқадор ноҳукумат ташкилотлар аллақачон қийинчиликларга юз тутиб келишаётганди. Улар 2012 йилда қабул қилинган қонунга биноан, ўзларини "хорижий агентлар" дея рўйхатдан ўтказишлари керак.

Янги қонуннинг тарафдорлари Россиянинг Украинадаги вазиятга аралашуви манзарасида Россияни ташқи таъсирдан ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлашмоқда.

АҚШ Давлат департаменти бу қонундан "чуқур хавотир"да эканини билдирди.

"Биз мазкур янги қонун Россиядаги фуқаролик жамиятининг фаолиятини чеклашидан хавотирдамиз. У Россия ҳукуматининг мустақил овозларни янада бўғиш ва Россияни атайлаб ташқи дунёдан ихоталаш йўлидаги яна бир қадамдир", - деди давлат департаменти воизи Мари Ҳарф ўз баёнотида.

Халқаро Амнести ташкилоти бу қонун фуқаролик жамиятининг "қонини сиқиб чиқариши"ни айтса, Ҳюман Райтс Вотч энг катта жабрланувчилар маҳаллий аҳоли бўлишини айтди.

"Биздан одатда сўрашади - бу каби қонун сиз каби ташкилотларга қарши қаратилганми, деб. Аслида асосий нишонлар россиялик фаоллар ва россиялик мустақил ташкилотлар", - деди Ҳюман Райтс Вотчнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Виллиямсон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio