Хитой: Шинжонда олиб борилган махсус амалиётни олқишлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Махсус амалиёт "халқ иштирокидаги уруш" сифатида олқишланган

Хитой ҳукумати ғарбий Шинжон минтақаси хавфсизлик кучлари қарийб бир йиллик амалиётлари чоғи 181та террор гуруҳини фош қилинганини олқишлаган.

Айтилишича, уларнинг аксари энди режа тузаётган босқичда бўлишган.

"Яксон қил махсус амалиёти" ўтган йилнинг 23 майида, Урумчидаги худкушлик ҳужумлари ортидан бошланганди. Ҳужумларда 39 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Хитой матбуотига кўра, террорчилар ва диний экстремистларни нишонга олган махсус амалиёт кучли жиловлаш воситасига айланган. Амалиёт давомида 112 шахс ўз ихтиёри билан полицияга таслим бўлган.

Матбуот оддий оадамлар ҳам ушбу кампанияни қўллаб-қувватлашгани, жиноятлар ҳақида хабар беришгани ҳақида ёзган.

Ўз ўрнида махсус амалиёт қонун доирасида олиб борилгани ҳамда айбланувчилар ҳақлари ҳурмат қилингани урғуланади.

Аммо, Пекин террор гуруҳи деганда нимани назарда тутаётгани қоронғу. Журналистларнинг Шинжонга киришлари чекланган, бу боис хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.

Ҳатто, Хитой андозалари нуқтаи назаридан ҳам бу каби катта сондаги террорчи гуруҳ ҳақида гапириш ишониш қийин бўлган ҳолат.

Амалиёт доирасида қуролли патруллар, назорат нуқталари ташкил қилинган, маҳаллалар тармоғи хонадонларни кузатиб борган. Бошқа томонда эса, диний экстремизм ҳолатларга барҳам бериш учун махсус дастур йўлга қўйилган. Ноқонуний видеоёзувлар савдоси ва ноқонуний турмуш қуришга бош қўшган жиноятчилар ушланган.

Айни пайтда хабарларда "Яксон қил махсус амалиёти" жараёнида қатор ҳужумлар рўй бергани тилга олинмайди. Жумладан, Қашғордаги 12 октябр куни 22 инсоннинг умрига зомин бўлган ҳодиса ҳам назардан четда қолдирилган.

Хавфсизлик амалиётида 10, 000 га яқин оддий одамлар ёрдам беришгани айтилар экан, амалиёт "халқ иштирокидаги уруш"га ёрқин намуна сифатида олқишланган.

Шинжон қаерда ва у ерда кимлар яшайди?

Image caption Уйғурлар маданий ва этник келиб чиқишлари жиҳатдан ўзларини кўпроқ Марказий Осиё халқларига яқин санайдилар

Хитойнинг Шинжон мухтор минтақаси ерли аҳолиси бўлган этник уйғурлар ва Хитой ҳукумати ўртасидаги ихтилоф тарихи узоқ йилларга бориб тақалади.

Шинжон мухтор ўлкаси Хитой ғарбидаги жуда катта ҳудудни эгаллайди.

Хитой бошқарув минтақалари орасидан энг йириги ҳисобланган Шинжон саккиз мамлакат - Мўғилистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон мамлакатларига чегарадош.

Шинжонга катта сонда Хитой ханларини кўчириб келтириш бошланишидан олдин уйғурлар аҳолининг аксар қисмини ташкил қилишган.

Уйғурлар мусулмон ва Ислом уларнинг ҳаёти ва шахсиятининг муҳим қисми ҳисобланади. Улар туркий уйғур тилида сўзлашадилар.

Уйғурлар маданий ва этник келиб чиқишлари жиҳатдан ўзларини кўпроқ Марказий Осиё халқларига яқин санайдилар.

Минтақа иқтисоди асосан қисмини қишлоқ хўжалиги ва савдога таянади. Қошғар каби шаҳарлар қадимий ва машҳур Ипак йўлида жойлашган.

Аммо, тараққиёт минтақага янги одамларни олиб келди. 2000 йилги аҳолини рўйхатга олиш жараёнида Хитой ханлари минтақа аҳолисининг 40 фоизни ташкил қилиши аниқланган. Минтақада жойлаштирилган қўшинлар ва қайддан ўтмаган муҳожирлар бундан истисно.

Шинжон қачондан Хитой таркибига кирган?

Минтақа тарихда вақти-вақти билан мухтор ўлка, баъзи-баъзида мустақил давлат мақомида бўлиб келган. Бироқ, Шинжон илк бор 18 асрда Хитой бошқарувига ўтгани маълум.

1949 йил Шинжонда Шарқий Туркистон давлати эълон қилинган. Бироқ, бу мустақилликнинг умри қисқа бўлганди. Худди шу йили Шинжон расман Хитой таркибига қўшиб олинган.

1990 йиллар Шўролар Иттифоқи қулаши ва Марказий Осиёда аксар мусулмонлар яшовчи мустақил давлатлар пайдо бўлиши ортидан бўлгинчиларга очиқ дастак кучайди.

Аммо, Пекин намойишларни бостирди ва фаоллар яширин фаолиятга ўтишди.

Беқарорликлар асосида нима турибди?

Масаланинг мураккаблиги ҳисобга олинаркан, кўплар уйғурлар ва Хитой ханлари ўртасидаги этник тангликни иқтисодий ва маданий омиллар билан боғлайдилар. Айнан мана шу танглик минтақада зўравонликларни келтириб чиқарган.

Яқин ўн йилликларда энергетика ва саноат соҳасида йўлга қўйилган йирик лойиҳалар Шинжон шаҳарларига тараққиёт олиб келди. Бу эса, мамлакат шарқий ҳудудларидаги юқори малакали Хитой ханларини ўзига тортди.

Айтилишича, энг яхши ишлар уларга берилгани ва аксарият иқтисодий жиҳатдан муваффақиятга эришгани, бу эса, уйғурларни ғазаблантиргани айтилади.

Фаолларига кўра, Хитой давлати босқичма-босқич уйғурлар дини, тижорати ва маданий фаолиятига болта урмоқда.

Уйғурлар Исломий мажбуриятларини бажаришда кескин чекловларга дуч келаётганларини айтишади. Уларга кўра, масжидлар борган сари камаймоқда ва диний мактабларга назорат кучайтрилмоқда.

Халқаро Амнести гуруҳи 2013 йил чиқарган ҳисоботга кўра, ҳукумат "ноқонуний диний" ва "бўлгинчи ҳатти-ҳаракатлар" деган тамға билан "маданий қадриятларни тинч ифодалаш"га қарши кураш олиб боради.

2014 йил июл ойида Шинжондаги баъзи давлат идораларидаги мусулмон хизматчиларга Исломнинг муқаддас ойи - Рамазонда рўза тутиш тақиқланган. Хитой ҳукумати Шинжонда рўза тутишга илк бор тақиқ киритгани йўқ. Аммо, бу галги қарор уйғур экстремистлари томонидан амалга оширилгани ишонилган ҳужумлар ортидан олинди. Айни пайтда бундай чекловлар минтақадаги тангликни янада кучайтириши эҳтимолидан хавотирлар билдирилади.

Зўравонликлар қандай ривож топди?

Ҳукумат 1990 йилги кўча намойишларидан ортидан ва 2008 йилги Пекин Олимпиада ўйинлари олди уйғурларга нисбатан босимларни оширганликда айбланади.

Аммо, 2009 йилга келиб ҳодисалар ҳақиқатда авжга чиқди, пойтахт Урумчида кузатилган кенг кўламли этник чиқишларда 200 инсон ўлдирилди. Расмийлар ўлганларнинг аксари Хитой ханлари эканини айтишади.

Шундан сўнг, Пекин Шинжонда хавфсизликни кучайтирди ва кўплаб уйғурларни гумондорлар сифатида ҳибсга олди. Бироқ, зўравонликлар бу билан тўхтамади.

2012 йилнинг июнида 6 нафар уйғур Хўтандан Урумчига учаётган самолётни олиб қочишга урингани хабар қилинди.

2013 йил апрели ва июнида яна қон тўкилди. Шаншан туманида, давлат матбуоти тили билан айтганда пичоқлар билан қуролланган оломон маҳаллий ҳукумат биноларига ҳужум қиларкан, полиция ўт очди ва 27 инсон ҳаётдан кўз юмди.

Ҳодисалар юзасидан тафсилотларни аниқлаш мушкул, чунки хорижий журналистларнинг минтақага киришлари қаттиқ назорат қилинади.

Яқин ойларда оддий одамларни нишонга олган каттароқ кўламдаги зўравонликлар кузатилди.

2014 йил майида Урумчи бозорида портловчи воситалар жойланган икки автомашина тўқнашаркан, камида 31 инсон нобуд бўлди ва 90дан ортиқ киши тан жароҳати олди. Хитой буни "зўравон террор ҳодисаси" деб таърифлади.

30 апрел куни эса, Урумчи марказий поезд станциясида бомба портлаганди. Ҳодисада 3 инсон ўлган ва 79 киши яраланганди.

Айрим ҳодисалар Шинжон ташқарисида амалга оширилди. 1 март куни Кунминг поезд станциясида одамларга пичоқлар билан ҳужум қилишган. 29 инсон ҳаётдан кўз юмган. Унда ҳам Шинжон бўлгинчилари айбланган.

2013 йил 28 октябр куни Пекиннинг Тянанмен майдонида тўсатдан автомобил оломон устига юрган ва кейин портлаб кетган.

Сўнгги ҳужумларга жавобан Хитой ҳукумати "терроризмга қарши бир йиллик кампания" бошлаганини эълон қилди.

Бунга Шинжондаги шаҳарларда хавфсизликни кучайтириш ва минтақада навбатдаги ҳарбий машғулотларни ўтказишни ҳам ўз ичида олади.

Шунингдек, қатор "террор гуруҳлари"га узоқ йиллик қамоқ жазолари берилгани ва ҳибсга олингани ҳақида хабарлар келди.

Хитой давлат матбуоти экстремистик фаолиятларда айбланиб ҳукм қилинган одамлар узун рўйхатини эълон қилди. Айримларга ўлим жазо берилганди.

2014 йил январида нуфузли Уйғур профессори Илҳом Тўхта бўлгинчиликда айбланиб қўлга олинди ва у ҳамон қамоқда қолмоқда.

Хитой Шинжон ва минтақа ташқарисида юз берган зўравонликларда Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати (ШТИҲ) ва ундан илҳомланган одамларни айблайди.

ШТИҲ Хитойда мустақил Шарқий Туркистон давлати барпо этишни илинжида экани айтилади. Қўшма Штатлар давлат департаменти 2006 йил ШТИҲни "уйғур бўлгинчи гуруҳларини энг жангариси" сифатида қайд этган.

Аммо, Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати нималарга қодир экани қоронғу қоларкан, айримлар гуруҳнинг жиддий экстремистик амалиётларни ташкил қилишга қанчалар имконли эканини савол остига олади.

ШТИҲнинг ўзи бирон бир ҳужум ортида турганини айтмайди. Хитой ҳукумати эса, Шарқий Туркистон Исломий Партияси Кунмингдаги ҳужумни қўллаб-қувватлаб видеоёзув тарқатгани ҳақида айтади.

Шинжонга алоқадор зўравонликларнинг кучайиши, унинг ортида ким ва қандай омиллари тургани борасидаги саволларга жавоб топиш учун кўпроқ тадқиқлот ўтказиш керак бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio