Мянмар муҳожирлик инқирозига ёлғиз ўзи масъул эмаслигини таъкидлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Мянмар Осиёдаги муҳожирлар билан боғлиқ инқирозга ёлғиз ўзи айбдор эмаслигини айтди.

Мазкур муаммо Банкокда ўтаётган Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоцияцияси анжуманида муҳокама қилинган.

Қўшма Штатлар ва БМТ вакиллари ҳам ҳозир бўлган йиғинда вазият "ўта ташвишли даражада" экани таъкидланган.

Хабарлардан маълумки, Бангладеш ва Мянмар (Бирма)дан бош олиб чиққан минглаб одамлар балиқчилар қайиқларида Тайланд, Индонезия ва Малайзия томон йўл солишган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2,600га яқин муҳожир ҳозир денгизда қолиб кетмоқда.

Бангладешликлар аксари меҳнат муҳожирлари экани айтилади. Бирмадаги Роҳинга мусулмонлари эса, мамлакатдаги таъқиб ва тазйиқлардан қочишмоқда.

Инқироз жорий йил бошларида Тайланд муҳожирларнинг қуруқликдаги йўлларига тўсиқ қўя бошлаши ортидан жиддийлашган.

Ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатишга қаратилган ушбу чоралар ортидан одам савдогарлари денгиз йўлини танлашга мажбур бўлишган.

'Бизга бармоқ ўқтаманг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Хтин Линн: Бизга бармоқ ўқтаманг

Мянмар Ташқи ишлар вазири Хтин Линн ўз мамлакати инсон савдосига қарши курашда ҳамкорлик қилиши мумкинлигини айтган.

Аммо, унга кўра, "ноқонуний муҳожирлар қайиғи билан боғлиқ масалада" фақат Бирмани айблаб бўлмайди.

"Бармоқ ўқташ ҳеч бир мақсадга хизмат қилмайди. Бу иш бизни ҳеч қандай ечим томон олиб бормайди", деб айтган Линн жаноблари.

Тайланд Ташқи ишлар вазири Танасак Патимапракорн ўз чиқишида: "Ноқонуний муҳожирлар оқими ... ташвишли даражага етди", деб айтган.

Шунингдек, у "бу одамларни бош олиб кетишга" мажбурлаётган сабабларга ҳам эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган.

Афтидан, Тайланд Ташқи ишлар вазири изоҳлари Бангладеш ва Мянмарни нишонга олган.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Анн Ричард ҳам денгизлардаги муҳожирлар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида тезкор саъй-ҳаракатларга қўл уришга ундаган.

Банкокдаги Би-би-си мухбири Жонатан Хэдга кўра, энди муҳожирларга қандай қилиб ёрдам бериш масаласида муросага борилаётган кўринади.

"Аллақачон қуруқликка чиқиб олганларга кўмак бериш учун маблағлар йиғилмоқда. Ҳатто, Тайланд ўз сув ҳудуди узра АҚШнинг ҳарбий кузатув учоқлари учишига қарши амалларидан воз кечди," дейди мухбиримиз.

Айни пайтда муҳожирлар оқимини келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш масаласи ҳамон мушкул қолмоқда. Бангладеш аллақачон кўплаб иқтисодий қашшоқ муҳожирлар ўзларига тегишли эканини тан олган.

Аммо, мухбиримиз Жонатан Хэднинг айтишича, ҳеч ким Роҳинга мусулмонлари деган атамани қўллашга журъат қилаётгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ