“Блаттер АҚШдаги тергов остида”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америкадаги оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишича, АҚШда ФИФА президенти Зепп Блаттер устидан тергов бормоқда.

Бу текширувнинг ўтган ҳафтадаги ФИФА коррупция можароси марказида экани хабар қилинмоқда.

New York Times рўзномаси ва ABC News телеканали Зепп Блаттер АҚШдаги тергов марказида тургани ҳақида хабар тарқатаркан, бу хабар манбаси терговга яқин шахс экани айтилади.

Бироқ жаноб Блаттерга боғлиқ бошқа тафсилотлар ойдинланмаган.

ABC News телеканали хабарига кўра, жаноб Блаттер АҚШ Федерал Қидирув бюроси ва прокуратура ўтказаётган тергов остидадир.

Ушбу тергов доирасида ўтган ҳафта Цюрихда ФИФА раҳбарларидан етти нафари ҳибсга олинган эди.

Жаноб Блаттер тергов остида экани ҳақидаги хабар Зепп Блаттер ФИФА президентлигидан истеъфо берганиниэълон қилиши ортидан тарқалди.

Бу борада шарҳ сўралганида АҚШ Федерал Қидирув бюроси Америка Бош прокурори Лоретта Линч баёнотидан бошқа изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Ўтган ҳафта ФИФА расмийлари ҳибсга олиниши борасида гапирган Бош прокурор Линч хоним бутун халқаро футбол федерацияси фаолияти коррупция айбловларига алоқадорлик гумони билан текширилаётганини айтганди.

Бош прокурор Лоретта Линч сўзларига кўра, ФИФАда коррупция “тизгинсиз, мунтазам ва чуқур илдиз отган” ҳамда ҳибслар терговнинг якуни эмас, балки бошланишидир, холос.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, ҳозир тергов ФИФАнинг 14 юқори лавозимли мулозими тергов остидадир.

Улар жами 150 миллион доллардан ортиқ маблағни пора сифатида беришда алоқадор деб кўрилмоқдалар.

Ҳибсга олинган етти ФИФА расмийсидан икки нафари ФИФА вице-президентидир.

Уларнинг Швейцариядан АҚШга экстрадиция қилиниши кутилмоқда.

Би-би-сининг Нью-Йоркдаги мухбири Ник Брайант хабар қилишича, бир неча АҚШ расмийлари Швейцарияда ҳибсга олинган ФИФА расмийларининг Америка ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишларига умид билдирганлар.

Америкалик расмийлар фикрича, тергов билан ҳамкорлик Зепп Блаттерга қарши иш очишга кўмак беради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ