Вилдерс Ислом пайғамбари ҳажв қилинган карикатураларни намойиш қилмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Эркинлик учун партия" етакчиси Вилдерс Ислом ва муҳожирликка қарши кескин нафратомуз чиқишлари билан танилган

Ҳолландиялик аксил-исломий қарашларга эга сиёсатчи Гиирт Вилдерс телевизион дастурнинг ўз партияси учун ажратилган қисмида Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) ҳажв этилган карикатураларни намойиш этиш ниятида эканини айтган.

Ислом дини пайғамбари ҳажв этилган ушбу карикатуралар ўтган ой Техасдаги кўргазмада танловга қўйилганди.

Гиирт Вилдерс икки шахс томонидан қуролли ҳужумга тутилган тадбирда асосий нутқни ирод қилган.

Ҳолландия парламенти карикатураларни ўз биносида намойишга қўйишдан бош тортган.

Гиирт Вилдерснинг айтишича, шундан сўнг, у суратларни телевизион орқали кўрсатишга қарор қилган.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) ҳажв қилинган карикатуралар дунёдаги кўплаб мусулмонлари тарафидан оғриқли қабул қилинади.

Мусулмонлар назарида бу Ислом динига нисбатан ҳақоратдир.

"Террорчилар ҳеч қачон ғолиб чиқа олмасликлари ва сўз эркинлиги Ҳолландияда қанчалар муҳим эканини тушуниб етишлари лозим", деб айтган Гиирт Вилдерс ўз баёнотида.

"Эркинлик учун партия" етакчиси Вилдерс Ислом ва муҳожирликка қарши кескин нафратомуз чиқишлари билан танилган. У Қуръони Каримнинг Ҳолландияда тақиқланишига чақиради.

2014 йил декабр ойида у мамлакатдаги марокашликлар жамоасига қарши адоват қўзғаш айбловлари билан тергов қилиниши ҳақида маълум қилинганди.

Карикатураларга қарши норозилик

3 май куни Даллас яқинидаги Ислом дини пайғамбари ҳажв этилган карикатуралар танловини нишонга олган ҳар икки ҳужумчи полиция томонидан отиб ўлдирилган. Ҳодисада бир полиция ҳодими жароҳат олган.

Далласдаги кўргазма "Эркинликни ҳимоя қилиш учун Америка ташаббуси" ташкилоти томонидан уюштирилган.

Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳажв қилинган энг яхши крикатура учун 10.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ҳам эълон қилинган бўлган.

2006 йил Даниянинг "Jyllands-Posten" газетаси чоп этган шунга ўхшаш карикатуралар эса, дунёнинг аксарият мусулмон давлатларида оммавий намойишларга сабаб бўлганди.

Йил бошида Францияда Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳажв этилган карикатураларни босган "Charlie Hebdo" журнали ҳам исломчиларнинг ҳужумларига учраган, натижада, нашрнинг Бош муҳаррири дохил 12 киши қурбон бўлганди.

Феврал ойи Дания пойтахти Копенҳагенда сўз эркинлиги тарафдорлари томонидан ташкил қилинган йиғин ҳам қуролли ҳужумга тутилган. Бир кинорежиссёр нобуд бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ