Президент Путин Ғарбга: ‘Биздан қўрқманг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россия раҳбарининг баён қилишича, мамлакати Нато учун таҳдид эмас.

“Фақат эси оғиб қолган одам, ўшанда ҳам тушида Россиянинг Натога ҳужум қилишини тасаввур қилиши мумкиндир”, - деб айтган Владимир Путин Италиянинг “Corriere della Sera” газетаси билан суҳбати чоғида.

Президент Путиннинг бу ҳақдаги сўзлари Нато ўзининг аъзолари бўлган шарқий Оврўпо давлатларида ҳарбий ҳозирлигини кучайтираётган бир манзарада янграмоқда.

Дунёдаги энг йирик бу ҳарбий иттифоқнинг сўнгги хатти-ҳаракатларига эса, “Украина можаросидаги иштироки” ортидан, Россия таҳдидидан қўрқувда эканликлари сабаб бўлган.

Чунки Нато, ойларки, Россияни Украина шарқидаги исёнчиларни дастаклашда айблаб келади.

Расмий Москва, ўз томонидан, иттифоқнинг бу каби баёнотларини ҳамиша рад этади.

Шу ой бошида эса, Нато Россиянинг оддийсидан тортиб, қўпорувчилик амалиётлари ва кибер-ҳужумларни ҳам ўз ичига олувчи “қоришиқ уруши”га қарши туришга ваъда берганди.

Худди шу манзарада уч Болтиқбўйи давлати ҳам Натодан қўшинларини ўз ҳудудларида доимий асосда қолдиришини сўрашмоқчи.

Нато, ўз томонидан, шарқий чегараларида ўнга яқин ҳарбий база ва 5 минг кишилик кучли, тезкор бўлинмасини ташкил этиш ҳаракатида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Президент Путиннинг итальян нашри билан суҳбатида айтишича эса, “айрим давлатлар қўшимча ҳарбий, иқтисодий, молиявий ва бошқа кўринишдаги ёрдамларни қўлга киритиш учун одамлардаги Россиядан бўлган қўрқувдан фойдаланиб қолишмоқчи”.

Аммо “Россиядан қўрқишга ҳожат йўқ”, - деб айтган Россия раҳбари.

Украина Президенти Пётр Порошенконинг жума кунги матбуот анжуманида баён қилишича, Россия ўзаро чегара ва мамлакатининг исёнчилар назорати остидаги минтақаларида “мислсиз сонда аскар” тўплаган.

Аммо, унинг бу даъволарини ҳам Россия томони расман рад этиб чиққан. Расмий Кремлнинг такрорлашича, Украинада бирор бир ҳарбий ҳозирликлари йўқдир.

Президент Порошенконинг айтишича, мавжуд таҳдидга бас келиш учун можаро ҳудудига 50.000 нафар ҳарбийларини сафарбар этишган.

Қуролли низолар бошланиб кетган ўтган йил апрел ойидан буён Украина шарқида 6400 дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қримнинг расман Россия таркибига ўтиши ортидан, қуролли бўлгинчилар Украина шарқидаги қатор муҳим минтақаларни босиб олишган, ўшандан буён улар ва украин ҳукумат кучлари ўртасидаги жанглар давом этиб келади.

Яқиндагина президент Порошенко Россия ишғоли эҳтимолидан огоҳлантириб чиққан, Олий Радага мамлакат Қуролли кучлари "тўлиқ ишғол"га тайёр туришлари лозимлигини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ