G7 'Россия тажовузи'ни муҳокама қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Президент Обамани мезбон Олмония Канцлери Ангела Меркел қаршилаган

Олмониядаги "Йирик еттилик" саммитига етиб келган Президент Барак Обаманинг айтишича, G7 раҳбарлари "Россиянинг Украинадаги тажовузига қарши туриш" масаласини муҳокама қилишади.

Унга кўра савдо, зўравон экстремизм ҳамда глобал иқлим ўзгариши ҳам саммит кун тартибида бўлади.

Ғарбнинг саноати ривожланган етти давлати раҳбарларининг олиймақом учрашуви Бавария Алпларида бўлиб ўтмоқда.

Россия ўтган йили Қримни аннекция қилиши ортидан ўша пайт G8 сифатида билинган "Йирик саккизлик"дан чиқарилган эди.

Москва Украинадаги россияпараст исёнчиларни қўллаб-қувватлайди.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Россияга қарши жазо чораларини киритган.

Image caption Путин Россия ғарбга таҳдид эмаслигини айтган

Жазо чораларининг узайтирилиши борасида ҳамма якдил эмас.

Олмония, Британия ва Қўшма Штатлар Россия иқтисодига зарба бераётган жазо чораларининг кучайтирилишини истамаётган ҳар қандай Оврўпо давлатига дастак беришга доир келишувга эришилишини исташмоқда.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон Россияга қарши жазо чоралари борасида "ягона жабҳа" бўлишига умид билдирди.

Айни пайтда жаноб Камерон жазо чоралари "ҳаммага таъсир қилаётгани"ни тан олган.

Шанба куни Президент Путин Россия ғарбга таҳдид эмаслигини айтган.

“Фақат эси оғиб қолган одам, ўшанда ҳам тушида Россиянинг Натога ҳужум қилишини тасаввур қилиши мумкин”, - деб айтган Владимир Путин Италиянинг “Corriere della Sera” газетаси билан суҳбати чоғида.

Президент Путиннинг сўзлари Нато ўзининг аъзолари бўлган Шарқий Оврўпо давлатларида ҳарбий ҳозирлигини кучайтираётган бир пайтда янграган.

Ғарб Россияни Украина шарқига бўлгинчиларни дастаклаш учун қўшин йўллашда айблайди.

Москва эса у ердаги рус аскарларининг кўнгиллилар эканини айтиб келади.

Ҳозирда Россия Украинадаги ҳарбий иштирокини кучайтираётганига доир хавотирлар мавжуд.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio