Россияда ночорлар сони миллионларга ортган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бунга расмий ҳисоб-китоблар далолат қилган. Россия Давлат статистика федерал хизматининг энг сўнгги маълумотларига таянилса, биргина жорий йўлнинг биринчи чорагида мамлакатда 3.1 миллион киши янгитдан ночорлар сафига қўшилган.

Бу билан топаётган пули тирикчилик ўтказиш учун етарли даражада бўлмаган одамларнинг сони Россияда қарийб 23 миллион кишига етган.

Россиялик масъулларга кўра, шунда ҳам, сўнгги тадқиқотлари Қрим Республикаси ва Севастополни ўз ичига олмаган.

Сўнгги ҳисоб-китоблар билан Россияда қашшоқлик даражаси бирданига 15.9 фоизга чиқиб кетган.

Ўтган йилнинг худди шу чорагида бу рақамлар 14 фоизлар атрофида бўлган.

Тирикчилик ўтказиш учун зарур бўлган маблағнинг миқдори эса, бир йилнинг ичида қарийб 2000 Россия рублига ортган.

Россия Давлат статистика федерал хизматидагиларга кўра, буларнинг барчасига инфляция даражасининг юқорилиги сабаб бўлмоқда.

Дейлик, бундан бор-йўғи икки йил бурун Россия аҳолисининг бор-йўғи 10 фоизга яқини йўқчиликда яшаган.

Ўтган йили Россия ҳукумати вакилларининг ўзлари ҳам тез орада мамлакатда ночорлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантириб чиқишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Улар ҳам бунга инфляция ва Россия ичкарисида кечаётган бошқа жараёнлар сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин этишганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, янги маълумотлар расмий Кремлнинг Украина можаросида тутган ўрни учун изоҳида Ғарб томонидан Россияга киритилган устма-уст санкциялар манзарасида кузатилмоқда.

Устига устак, жаҳон бозоридаги арзонлашув асосий экспорт маҳсулоти нефть бўлган Россиянинг иқтисодига жиддийгина зарба бермай қолмаган.

Буларнинг барчаси оқибатида, Россия миллий пул бирлиги АҚШ доллари ва еврога нисбатан ўз қимматини мамлакат тарихида кузатилмаган бир даражада йўқотган.

Аммо, бошқа томондан, Россиянинг ўз миллионерлари ва миллиардерларининг сони бўйича дунёда ҳамиша юқори ўринларни эгаллаб келаётгани ҳам бор гап.

Экспертларнинг хавотирланишларича, жамиятдаги бу каби кескин табақалашув Россиянинг тараққиётига ғов бўлиб, мамлакатдаги ички вазиятни ҳам хавфли даражада беқарорлаштириши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Агар, Boston Consulting Group ширкатининг маълумотларига таянилса, бундан бор-йўғи беш йил бурун Россия супер бойларнинг сони бўйича бутун жаҳонда юқори бешликка кирган.

Россиялик социологлар ўзларининг ҳам эътироф этишларича, бу каби шароитда одамларда давлатнинг адолатли эканига бўлган ишонч сўнади.

Улар ўзларини ҳокимиятдан четга тортиб, расмийларнинг айтган илиқ ва баландпарвоз сўзлари, қилаётган ишларига совуққонлик билан қарашни бошлашади.

Социологларга кўра, Россия аҳолиси, ҳозирча, мавжуд вазиятдан ўз норозилигини қатъий ва ошкора намоён этмаётган бўлса ҳам, хотиржамликка берилишга асос йўқдир.

Уларнинг айтишларича, агар халқни кўтарувчи қандайдир куч ўртага келса ёки мамлакат аҳолисининг ўзи аста-секинлик билан бош кўтарадиган бўлса, ҳамма нарса чилпарчин бўлиши мумкин.

Россия яқин-яқингача миллионлаб марказий осиёликлар учун ҳам ўз тирикчиликларини ўтказишнинг асосий манбаи бўлиб келган.

Шу боис, Россиядаги иқтисодий вазиятнинг таъсири сўнгги ойларда бутун минтақа бўйлаб ҳам яхшигина сезилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Чунки аксарият Марказий Осиё давлатларининг иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импортга қарам.

Меҳнат муҳожирларининг йилига миллиардлаб долларлик пул ўтказмалари эса, бу мамлакатларда, йилларки, ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келган.

Яқинда Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилоти ҳам янги ҳисобот билан чиқиб, ўзига аъзо давлатларда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ сўнгги 30 йил давомидаги энг юқори нуқтасига етгани билан огоҳлантирганди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, тенгсизликнинг бу қабила ортиб бориши иқтисодий ўсишни барбод этади, ижтимоий тизимларни ишдан чиқаради.

Ташкилотнинг янги ҳисоботида айтилишича, дунёнинг 34 давлатида бир сиқим (10 фоиз) бойлар бир сиқим(10 фоиз) камбағаллардан кўра 10 баробар кўпроқ пул топишади.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ