Сноуден ўғирлаган файллар боис Британия жосуслари ортга қайтарилганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

АҚШ жосуслик хизмати собиқ ходими Эдвард Сноуден ўғирлаган махфий маълумотлардан Россия ва Хитой бохабар бўлганидан кейин Британия ташқи истиғборот хизмати ходимлари чақириб олинганлар.

Бу ҳақда Би-би-сига Британия ҳукуматидаги юқори лавозимдаги манба маълум қилган.

Бундан олдин Британияда нашр қилинадиган Sunday Times рўзномаси Эдвард Сноуден ўғирлаган файллар ёрдамида Москва ва Пекин бир миллиондан зиёд махфий файлларни қўлга киритгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Британия ҳукуматидаги манбага кўра, “мамлакатлар жосуслар қандай фаолият юритиши ҳақида ахборотга эга бўлганлар”, шунинг учун Британия ўз жосусларини “душман мамлакатлар”дан чақириб олишга мажбур бўлган.

Sunday Times “душман мамлакатлар” деганда қайси мамлакатларни назарда тутганини очиқламаган, Ғарб мамлакатлари ўз жосусларини қайтаришга мажбур бўлгани ҳақида ёзган.

Британия ҳукуматидаги манбага кўра, хорижий мамлакатлар махфий маълумотларни қўлга киритгани натижасида бирор жосусга зарар етгани “далили йўқ”.

Sunday Times рўзномаси ёзишича, Сноуден файллари ёрдамида Хитой ҳам жосуслар қандай фаолият юритиши ҳақида маълумотга эга бўлган, бу маълумот эса британиялик ва америкалик жосуслар шахсини аниқлашга етаклаган.

Эдвард Сноуден икки йил олдин бутун дунёда хабарлар сарлавҳаларига айланган эди.

У АҚШ Миллий Хавфсизлик агентлиги ўн миллионлаб америкаликларнинг телефон сўзлашувлари маълумотларини яширинча тўплаб боришини ошкор қилган.

Сноуден 1,7 миллион файлни ўғирлаган деб кўрилади.

Қатор махфий маълумотларни Эдвард Сноуден АҚШдаги Washington Post и Британиядаги Guardian рўзномаларига тақдим қилган эди.

У Ҳонконгга борган, маълумотларни ошкор қилганидан кейин Москвага учиб борган.

Россия Сноуденга вақтинча бошпана берган.

АҚШ Эдвард Сноуденни давлат мулкини ўғирлаш, миллий мудофаага тааллуқли ахборотдан ноқонуний фойдаланиш ва махфий маълумотларни атайин ошкор қилишда айблайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ