Арманистонда Россия аскари ўлдирилган

Арманистоннинг Гумри шаҳридаги "Она Арманистон" ҳайкали яқинида Россия аскари жасади топилган.

Арманистон расмийларига кўра, аскар танасида пичоқ жароҳати излари бор.

Арманистон Тергов Қўмитасидан Сона Трузяннинг айтишича, ўлдирилган аскар шаҳарда жойлаштирилган Россия қуролли кучлари бўлинмаси аскари Иван Новиковдир.

Арманистон матбуотидаги хабарларга кўра, Новиков қуролли кучлар сафларига яқинда чақирилган ва Арманистонда атиги 2-3 ой хизмат қилган.

Ушбу ҳодиса Арманистонда Россия аскари иштирокидаги дастлабки фожеа эмас.

Январ ойида Гумри шаҳрида бир оиланинг олти аъзоси ўлдирилган бўлиб, ҳодисада Россия армиясининг 102 дивизияси аскари бўлган шахс гумон қилинмоқда.

Қотиллик натижасида омон қолган 6 ойлик гўдак ҳам кейинчалик касалхонада оламдан ўтганди.

Ҳодисада гумон этилган Валерий Пермяков кейинчалик қўлга олинган ва у ўз айбига иқрор бўлгани хабар қилинганди.

Ҳодисадан сўнг Арманистонда йирик намойишлар бўлиб ўтиб, Россия аскарининг Арманистон томонига топширилиши талаб қилинганди.

Шундан сўнг Россия Текширув Қўшмитаси раҳбари Александр Бастиркин Пермяков устидан маҳкама Арманистонда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Арманистонда Россия ҳарбий базасини ташкил этиш борасидаги битим 1995 йили имзоланган. 2010 йил август ойида битим муддати яна 10 йилга узайтирилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio