Яман инқирози: БМТ Хусий исёнчиларсиз музокараларни бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Женевада Ямандаги можаро бўйича музокараларни очиб берди. Аммо, музокараларда ҳозирча Хусий исёнчилари йўқ.

Хусийлар якшанба оқшомида Женевага қўнишлари кутилганди, бироқ энди уларнинг ташрифи душанба тушгача кечиктирилган.

Жаноб Бан "томонлар ўзаро айтишиб ўтирган бир вақтда, Яман ёниб кулга айланаяпти", деб айтган ва зудлик билан жанглар тўхтатилишига чақирган.

Ойлаб давом этган жанглар оқибатида 20 миллион яманликлар ёрдамга муҳтож эканлари ишонилади.

Можарода 2 мингдан ошиқ одам нобуд бўлар экан, БМТ Ямандаги вазиятни "фожеали" дея тасвирлаган.

Музокараларни очар экан, жаноб Бан: "Бугунга келиб Яманнинг омон қолиши масаласи қил учида турибди", - деди.

У учта асосий нуқтага эътиборни қаратишни сўради: "Биринчидан, Муқаддас Рамазон ойи бошланар экан яманликларга бироз нафасларини ростлаб олишлари учун ва уларга ёрдам етиб бориши учун жангларда танаффус эълон қилиш керак".

"Иккинчидан, мен томонларни маҳаллий оташкесимларга келишиб олишларига чақираман. Учинчидан, мен уларни тинч ва тартибли сиёсий тарзда янги ҳокимиятни тузиш, ва унга барча сиёсий партиялар, аёллар, ёшлар ва фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилишларига чақираман", - деди у.

Би-би-си мухбири Иможен Фокснинг Женевадан хабар қилишича, Хусий вакиллари ташрифи уларнинг самолётлари қайси мамлакат ҳаво ҳудудидан учиши мумкинлиги борасидаги ноаниқликлар туфайли кечиктирилган.

Унинг айтишича, бу ноаниқликлар музокараларга яхши таъсир қилмайди.

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси март ойидан бери Хусий исёнчиларини бомбардимон қилишмоқда.

Бомба амалиётлари Яман Президенти Абдраббуҳ Мансур Ҳадийни қўллаб-қувватлаш илинжида бошланганди.

Охирги кунларда саудий қўшинлари ва хусийлар ўртасидаги жанглар Яманнинг Саудия Арабистони билан чегарасида қақшатқич тус олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio