Сўров: Қаерда ишлаб, яшаш арзонга тушади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Joao Fellet

Агар, АҚШнинг “Mercer” консалтинг ширкатининг бу йилги тадқиқот натижаларига таянилса, Қирғизистоннинг Бишкек, Намибиянинг Виндҳук ва Покистоннинг Карачи шаҳарларида...

Консалтинг ширкати дунёнинг 211 шаҳридаги вазиятни ўрганиб, бу каби хулосага келган.

Пойтахт Тошкент жаҳоннинг четдан келган ишчилар учун энг қиммат ва энг арзон бўлган шаҳарлари рўйхатида Оттава ва Аддис-Абеба билан бирга 162-ўринни бўлишган.

Ангола пойтахти Луанда эса, кетма-кет учинчи йилдирки, бу каби инсонларнинг чўнтакларини энг кўп чақадиган шаҳар бўлиб чиққан.

Луанда ижара, импорт товарлари ҳаққи ва хавфсизлик таъминоти сарф-харажатларининг қанчалик юқорилиги бобида қолган барча иштирокчи шаҳарларни ортда қолдириб кетган.

Аммо ўзи ёки ўзганинг истаги билан четда ишлашга мажбур одамлар учун энг қиммат шаҳарлар юқори бешлигини Осиё ва Оврўпо вакиллари тўлдиришган.

‘Mercer’нинг рўйхатида Луандадан кейинги ўринларни Гонгконг, Цюрих, Сингапур ва Женева эгаллашган.

Бундан ташқари, бу йилги рўйхат юқори ўнликнинг тенг ярмини Осиё шаҳарлари банд этгани билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Гонгконг, Сингапурдан ташқари, яна Шанхай, Пекин ва Сеул ҳам унча-мунча хорижлик ишчининг кармонига оғирлик қилувчи шаҳарлар бўлиб чиқишган.

Токио эса, бу йил тўрт ўрин пастлаб, рўйхатда 11-ўринни эгаллаган.

Муфассал экани боис, “Mercer” консалтинг ширкати томонидан ўтказилувчи йиллик сўровлар энг ишончли ва ҳурматлиларидан бири саналади.

Ширкатнинг бу тадқиқотлари ўз ходимларини четга ишлаш учун юборувчи турли йирик халқаро ширкатлар ва ҳукуматларга кўмак бериш мақсадини кўзлайди.

Улар ушбу сўров натижасига мувофиқ, ўз ходимлари ёки фуқароларининг сарф-харажатларини белгилашлари мумкин бўлади.

“Mercer” ўз тадқиқотларини дунёнинг беш қитъасидаги 200 дан ортиқ шаҳарда Нью-Йорк ва АҚШ долларига қиёсан олиб боради.

Ўз изланишлари жараёнида ҳар бир шаҳардаги уй-жой, нақлиёт, озиқ-овқат, кийим-кечак, хўжалик буюмлари ва хордиқ учун кетадиган сарф-харажатларга диққат қаратади.

АҚШ долларининг қолган миллий пул бирликларига нисбатан кескин қаддини ростлаб олгани сабаб, дейлик, Америка шаҳарларида яшаш бу йил анчайин қийин бўлиб қолибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жанубий Америкада эса, қимматлилик бобида бу йил Буэнос-Айрес рўйхатда бирваракайига 48 ўрин юқорилаб, юқори йигирмаликдан жой олибди.

Аргентина пойтахтида ейиш-ичиш ва бошқа хизмат турларининг ҳақлари осмонга сапчиб кетибди.

Сан-Паулу ва Рио-де-Жанейро эса, ундан кейинги ўринларни эгаллашибди.

Ванкувери бўладими, Торонто ва ёки Монреал, Канаданинг шаҳарлари бу йил хорижий фуқароларнинг яшаб, ишлашлари учун анчайин қўл етар бўлиб қолибди.

Оврўпо шаҳарлари орасидан эса, чет эллик ишчи учун энг серхаражати Цюрих, Женева ва Берн экан.

Украина инқирози сабаб, Ғарб томонидан киритилган қатор иқтисодий жазо чоралари ва нефть нархининг кескин арзонлашуви боис, рубли рекорд даражада қадрини йўқотаркан, Россиянинг қатор шаҳарлари, айниқса, Москва ҳам янада қўл етмас бўлиб қолибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Бу йилги рўйхатда 12-ўринни эгаллаган Лондон эса, Ғарбий Оврўпо шаҳарлари орасидан хорижий ишчи учун энг қиммати бўлиб чиқибди.

Яқин Шарқда Тель-Авивнинг харажатлари энг юқориси бўлса, 24 ўрин юқорилаганига қарамай, Жидда четдан келганлар учун анча арзон шаҳарлигича қолибди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ