‘Исломий Давлат’ сафидаги россияликлар сони ортмоқда'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бундай баҳо билан МДҲ Аксилтеррор маркази раҳбари генерал-полковник Андрей Новиков чиққан.

“Агар, махсус хизматлар маълумотларига таянилса, жорий пайтда Россия паспортига эга икки мингга яқин киши “Исломий Давлат” сафларида жанг қилмоқда. Аммо, айрим экспертларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, уларнинг сони 5 мингга яқин”, - деб айтган жаноб Новиков Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлигига берган суҳбатида.

Шундай деркан, россиялик юқори мартабали масъул бу хусусда ўта синчковлик билан жосуслик ишлари олиб борилишига ҳам даъват этган.

Яқиндагина исломчилар сафига қўшилиш учун Туркия-Сурия чегарасигача сафар қилган Москва Давлат Университети Тарих факультети талабаси Мария Караулованинг “иши” Россияда катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, россиялик масъулларнинг сўнгги рақамлари ўтган йил охирида расман эълон қилинганидан бир неча баробарга кўпдир.

Декабр ойидаги маълумотлар Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган россияликларнинг сони 800 дан 1500 тагача бўлиши мумкинлигига далолат қилганди.

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитаси вакиллари бу рақамлардан ташқари, жорий пайтда “Қофқоз Амирлиги”(“Имарат Кавказ”) ва “Ҳизб ут-Таҳрир” тарафдорлари “Исломий Давлат” сафларида ўзларининг жанговар салоҳиятларини оширишаётганини ҳам билдиришганди.

Россиялик масъуллар, ўз ўрнида, улардан бир қисмининг ортга “аниқ вазифа ва мақсад” билан қайтишларидан ўз хавотирларини ҳам изҳор этишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи isis

Агар, уларнинг сўзларига таянилса, фуқаролари интернет орқали Яқин Шарқдаги бу исломий жангарилар сафларига ёлланишмоқда.

Россия Аксилтеррор Миллий қўмитаси вакилларининг маълум қилишларича, интернетда экстремистик ғояларни тарғиб этиш билан шуғулланувчи 10000 га яқин портал бор.

Уларга кўра, ҳозирга келиб, интернетга нафақат диний ваъзлар, балки одамларни жангариликка ўргатувчи йўл-йўриқлар ҳам юкланмоқда.

Россиялик масъулларнинг баён қилишларича, сўнгги йилларда шундоқ ҳам жангариларнинг кўплаб лидерларини ўлдиришган.

Турли экстремистик гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни издан чиқаришга муваффақ бўлишган.

Агар, улар келтирган маълумотларга таянилса, биргина ўтган йилнинг ўзида Шимолий Қофқозда етмишдан ортиқ аксилтеррор амалиётлари ўтказилган.

Бу амалиётлари чоғида жангари экани тахмин этилган 243 шахс ўлдирилган.

Илк бор эълон қилган худди шу маълумотлари манзарасида Россия собиқ Шўро давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб "Исломий Давлат" ва "Жабҳат ал-Нусра" гуруҳини ўзининг "қора рўйхати"га киритган, бу икки ташкилотнинг фаолиятини мамлакат ҳудудида расман тақиқлаб қўйганди.

Россиянинг ортидан, яқинда Қирғизистон ва Тожикистон томони ҳам худди шундай қарорга келганликларини маълум қилишганди.

Бошқа бир рўйхат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Сўнгги ойларда аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳам “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган фуқароларининг сони ортиб бораётганидан ўз хавотирларини яширишаётгани йўқ.

Агар, ICSR ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг шу йил март ойида эълон қилган расмий маълумотларига таянилса, минтақадан 'Исломий Давлат" сафига ёлланган энг кўп жангарилар ўзбекистонликдир.

Устига устак, Россия ва Ўзбекистон собиқ Шўро республикалари орасидан бу икки ташкилот рўйхатида юқори ўринларни эгаллаган бор-йўғи иккита давлат бўлишганди.

1.500 та экани айтилган жангариларининг сони бўйича Россия рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган, "Исломий Давлат" сафидаги "500 нафар жангариси" билан Ўзбекистон 13 давлат орасидан энг қуйи ўринда келганди.

Агар, ушбу рўйхат тафсилотларига таянилса, “Исломий Давлат” сафида жанг қилаётган фуқароларининг сони бўйича ҳозир Тунис дунёнинг қолган барча давлатларини ортда қолдириб кетган.

Яъни, бу икки ташкилотнинг маълумотларидан жорий пайтда 3.000 тунисликнинг Сурия ва Ироқдаги жанг жабҳаларида экани маълум бўлган.

Иккинчи ўринда эса, “Исломий Давлат” сафларидаги 2.500 фуқароси билан Саудия Арабистони келган.

Юқори учликни тўлдирган Россиядан кейин Иордания, Марокаш, Франция, Ливан, Олмония, Британия, Ливия ва Туркия рўйхатни давом эттиришган.

Яқинда “Исломий Давлат” гуруҳи ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган Покистон эса, 500 нафар фуқароси билан бу рўйхатда Ўзбекистон билан сўнгги ўринларни бўлишган.

Янги маълумотларнинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, сўнгги ойларда “Исломий Давлат” гуруҳи ҳар томондан сизиб киришга уринаётган ва маҳаллий толиблар ҳисобига юзлаб жангарилар ёллагани айтилаётган қўшни Афғонистон ҳам унга тушмаганди.

Аммо жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси бўлган бу гуруҳнинг фаолияти ўз мамлакатида жадаллик билан уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасига етиб бораётганидан жиддий ташвишда эса-да, Афғонистон ҳукумати ҳам “Исломий Давлат”га ёлланган фуқаролари ҳақида шу пайтгача бирор бир аниқ маълумот бермай келади.

Агар, Халқаро Инқироз Гуруҳининг ўтган йили эълон қилган сўнгги ҳисоботларига таянилса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилишмоқда ва уларнинг аксарияти этник ўзбеклардир.

Ҳисобот муаллифларига кўра, "Исломий Давлат" Ироқ ва Сурияда олиб бораётган жангларига янада кўпроқ марказий осиёликларни ҳам жалб этишга муваффақ бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар ва кўплаб кузатувчилар Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг радикаллашувига яккаҳоким президентларининг репрессив тузумлари ҳам сабаб бўлаётганини айтишади.

Маҳаллий кузатувчилар эса, минтақа давлатлари фуқароларининг асосан Россиядан турли йўллар билан "Исломий Давлат" сафларига ёллашаётганига диққат қаратишади.

Яқинда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги хос баёнот билан чиқиб, Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган тожикистонлик жангарилар ортга қайтишса, уларни афв этишга ваъда берган. Қайтишларига ҳам ўзлари кўмак беришларини билдирганди.

"Исломий Давлат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигини эълон қилган “Исломий Давлат” эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан “энг бойи” ва қудратлиси сифатида эътироф этилмоқда.

Жорий пайтда бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.

Айрим таҳлилчиларга кўра, бундан кейин ҳам бутун дунёдан жиҳодчиларнинг Ироққа йиғилиш тенденцияси борган сари кучайиб боради ва яқин йиллар ичида асосий кураш нуқтаси ҳам ана шу Ироқ бўлади.

Уларнинг айтишларича, “Исломий Давлат” эълон қилган жиҳод, гуруҳнинг глобал Исломий халифат барпо этиш ғояси, Ғарбга қарши мавқеи ва бу йўлда эришаётган ютуқлари радикал қарашдаги инсонларни ўзига жалб этишда давом этади.

Айрим минтақа давлатлари эса, худди шу манзарада аллақачон ўз фуқароларининг “Исломий Давлат” назорати остидаги ҳудудларга сафар қилишларининг олдини олиш йўлида қатор чора-тадбирларга ҳам қўл ура бошлашган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бутун МДҲ давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб “Исломий Давлат”ни дастаклашини ошкора баён этган жангари гуруҳлардан бири бўлади.

Агар, ўзларининг баёнотларига таянилса, ҳаракат яқинда тўлиғича Покистондан Афғонистонга қайтиб ҳам улгурган.

Қисқа вақтнинг ичида Афғонистоннинг айрим Марказий Осиё давлатларига чегарадош қатор шимолий-шарқий вилоятларида қақшатқич ва давомий ҳужумларга қўл уришга ҳам муваффақ бўлган.

Ўтган йилги олиймақом музокаралари ортидан, ҳам Россия ва ҳам Ўзбекистон президентлари "Исломий Давлат" гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб кираётгани ва мавжуд вазият тегишли чоралар кўришни тақозо этишини баён қилишганди.

Шундоққина биқинларида жойлашган Афғонистондаги вазият Ироқдагиси каби тус олиб кетишидан ошкора хавотир билдиришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ