Муфтий Аширов: Россияда радикаллашув йўқ, оммавий норозилик бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Nafigulla Ashirov
Image caption "Россиялик мусулмонлар оммавий радикаллашаётгани йўқ!"

МДҲ давлатларининг аксилтеррор марказига кўра, «Исломий давлат» сафларидаги россияликлар сони беш минг атрофидадир. Айрим таҳлилчилар, Россияда «умматнинг радикаллашуви» ҳақида айтишмоқда. Бошқалар эса Россия ИДга қарши кураш баҳонаси билан мусулмонларга босимни кучайтириши оқибатида давлат ва уммат ўртасидаги муносабатлар таранглаши билан огоҳлантиришмоқда. Нима учун «Исломий давлат» ғоялари Россияда оммалашиб бормоқда? Радикал уламоларга қандай қаршилик қилиш мумкин? Би-би-си Рус хизмати ана шу саволлар билан Россия диний бошқармасининг Осиё қисми муфтийси Нафигулла Ашировга мурожаат қилган. Суҳбатдош Олга Ившина.

Би-би-си: Россия имомлари «Ислом давлати»га қарши қандай курашишлари мумкин?

Нафигулла Аширов: Биз ҳар бир масжидда «Ислом давлати»нинг хатарлари ҳақида ҳикоя қилмоқдамиз. Лекин имом бу ваъзини иссиққина масжидда, қалингина гилам устида туриб ўқийди, уни тинглайдиганларнинг аксарияти эса кўчада, қору ёмғир остида туришади. Масалан, Москвада масжид етишмайди. Икки миллионлик мусулмонга ишлаб турган тўрт масжид бор. Бу мисли кўрилмаган бедодликдир! Такрор ва такрор кўчаларда намоз ўқиётган мусулмоннинг кўнглидан нима кечади? Уларда тушунмовчилик, ғазаб пайдо бўлади... Биз радикал уламоларга қарши чиройли масжидларда мусулмонлар эмин-эркин намоз ўқишлари билан, ҳаёт ва дин масалалари ҳақида суҳбатлари билан, аёлларимиз эса Исломий клубларга қатнаб, ўзаро ҳамсуҳбат бўлишлари ва турфа масалаларда бир-бирларига маслаҳат беришларини рағбатлантириш ила курашмоғимиз керак. Бизга мусулмонлар учун маданий жамоатчилик марказлари лозим. Айнан шу марказларга мусулмонлар ўз оилалари билан эркин келишиб фикр алмашишлари мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо бу масалада йирик муаммолар мавжуд. Шундай бир абгор ҳолатларда, насиҳатлар қанчалар яхши бўлмасин мусулмоннинг юрагига кириши қийин кечади.

Би-би-си: Махсус хизмат ходимларига кўра, «Исломий давлат» сафларида икки мингга яқин россиялик жанг қилмоқда экан. Бу катта сон деб ўйлайсизми? Улар ватанга қайтишга қарор қилишса, бу қанчалар хатарли бўлади?

Н.А.: Мен россиялик мусулмонлар «Исломий давлат» сафларига оммавий бир шаклда киришмоқда деб ўйламайман. Умуман, радикаллашувнинг асосида тенгсизлик ва адолатсизлик ётади. Инсонда ана шу адолатсизликни бартараф этиш истаги туғилади, айниқса, қони қайнаган ва максималист бўлган айрим ёшларда... Ана шундан радикаллашув бошланади. Бизда ёшларни ҳақиқий Ислом йўлида тарбия топтириш учун етарлича жой йўқ. Бу дегани мусулмонлар намоз ўқимайди, ўзаро кўришиб турмайди дегани эмас. Фақат энди улар турфа хонадонларда, қурилишларда кўришишади. Очиқ ва мавжуд масжидлар диний саводи бўлган имомлар ваъз ўқийди. Улар ватанпарвардирлар. Аммо қурилиш майдончалари ва хонадонларда ваъзхонлик қилаётган имомлар кимлар? Биз буни билмаймиз...

Би-би-си: Лекин мана Татаристон ва Доғистонда масжидлар муаммоси йўқ, «Исломий давлат» сафига қўшилаётганлар сафида эса бу минтақалик йигитлар ҳам бор...

Н.А.: Бу бошқа бир масала. Кам фоиздаги радикаллашган одамлар ҳар қандай гуруҳда бор, жумладан диндорлар орасида ҳам... Айримлар тақирбош бўлишади, айрим насроний мазҳабидагилар масалан еростига кетиб қолишди бир неча йил аввал...Аммо Россияда мусулмонларнинг оммавий радикаллашуви йўқ. Алоҳида, яккам дуккам ҳолатлар бор. Аммо мусулмонлар орасида норозилик мавжуд. Бу норозилик ҳокимиятдагиларнинг мудом улардан шубҳа қилишлари, уларни ажратиб қўйишларидан...Ислом сабрга ўргатади, аммо сабрни ҳам давомли синаб кўравериш ярамайди.

Би-би-си: Москва Давлат университетининг талабаси Мария Караулованинг Туркия ва Сирия ўртасидаги чегарага исломчиларга қўшилиш ниятида бориб қолгани Россияда жамоатчиликни бир силкиб қўйди. Бу воқеага қандай қарайсиз?

Н.А.: Бу умуман тушунарсиз бир ҳолатдир. Эътиборингиз учун уни Туркия мулозимлари ҳибсга олишмади. Унга нисбатан айблов эълон қилинмади. Бу жуда муҳим ҳолат. Агар Мария ростдан ҳам чегарани ноқонуний кесиб ўтишда ҳибсга олинганида Туркия мулозимлари уни қўйиб юборишмаган бўларди.Маҳкамага тортишарди. Мен ҳаммаси Россия матбуоти талқин қилгани каби кечганига ишонмайман.

Би-би-си:Сиз айрим мутахассисларнинг Исломга бошқа динлардан кираётган шахслар аслида алоҳида бир ташвиш уйғотаётани, улар кўпроқ хавф остида экани ҳақидаги қарашларига қандай муносабатдасиз?

Н.А.: Оҳ, бу ҳақда одамлар гапиришни, мулоҳаза юритишни яхши кўришади жуда ҳам...Айримлар ҳатто Исломга кираётган русларни алоҳида назорат остига олиш лозимлигини уқтиришади. Нима учун? Татарлар орасидан анчаси православ динини қабул қилди. Нима учун уларни алоҳида бир назорат остига олишга ҳожат йўқ? Нима учундир улар ҳақида ҳеч ким қайғурмайди...

Би-би-си:Майли, аммо ўз динини ўзгартираётганлар аслида динни яхши билмаганлари учун турфа таъсирларга тушиб қолмайдими?

Н.А.: Аслида бунинг тескариси...Мен православ насронийликдан воз кечиб мусулмон бўлаётган кўпчиликни танийман. Улар яхшигина билимга эга мусулмонлар бўлишади. Улар динни ўқиб, ўрганиб кейин қарор берган шахслардир. Кўпинча улар ота-оналари мусулмон бўлганлардан кўра динни яхшироқ билишади. Мен миллати рус, собиқда православ бўлганлар билан кўп суҳбатлашганман. Улар ҳақиқий ватанпарварлардир.Кўплари фаол бўлишади, имомлик қилишади, даъват йўлига ўтишади. Аммо умумиятла Исломни қабул қилаётган руслар сони катта эмас. Шунинг учун ҳам бирор рус кишиси Исломни қабул қилса бундан катта бир масала яратадилар. Оқибатда эса нотўғри қарашлар ўртага чиқади.

Маълумотнома

Нафигулла Аширов – Россия диний бошқармасининг Осиё ҳудуди раиси.1954 йилда Тюмен вилоятида, татар оиласида таваллуд топган.1995 йилда Россия мусулмонлари Иттифоқини тузишда қатнашган.2005 йилда Россия гербидан хоч суратини олиб ташлаш таклифи билан чиққан.Ўз таклифини муфтий Россиянинг дунёвий ва кўпдинли мамлакат экани билан изоҳлаган.2006 йилда Москва прокуратураси Ашировни Россияда тақиқланган «Ҳизбут Таҳрир ғояларини ташвиқ қилиш юзасидан» огоҳлантирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ