Ишловчи онанинг рўзаси қандай кечади?

Image caption Би-би-си мухбири Сабияҳ Парвиз Рамазон ҳақида нима дейди?

Британияда рўза тутадиган бўлсангиз, 19 соатгача сув ва таомдан воз кечишга тайёр бўлишингиз керак.

Би-би-си мухбири Сабияҳ Парвиз Британиянинг Брадфорд шаҳрида таваллуд топган.

У ҳафтада беш кун ишга борадиган она сифатида биринчи Рамазонига доир ўз умид ва ташвишлари билан ўртоқлашади.

“Аслида мен бу кундаликларни Рамазон киришига бир неча кун қолганида қоралай бошладим.

Аслида бу пайтга келиб мен ўзимни Рамазонга руҳан тайёрлаб бўламан.

Аммо бу гал мен беш ва икки ёшда бўлган фарзандларимнинг онаси ва ҳам ҳафтада беш кун ишловчи аёл ўлароқ ҳаяжондаман.

Албатта, мендан ҳам кўра мушкулроқ вазиятда бўлганлар жуда кўп, ўзимга ўзим айнан мана шу жумла билан далда бераман.

Мен доим Рамазонни орзиқиб кутганман.

Менга ҳам руҳий ва ҳам жисмоний бўлган бу синов жуда ёқади.

Бу ойни мен ўз мақсадларимга қайтадан эътибор бериш ва зеҳниятимни қувватлашга сарфлайман.

Мен ҳар бир бир мушкулотнинг ечими борлигига ишонаман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Рамазон шукуҳи

Танангизнинг бошқа аъзолари каби, менинг ишонимча, миянгиз ҳам самарали ишлашга кўниктирилмоғи керак.

Акс ҳолда у нимжонлашиб қолади.

Рамазон эса бунинг учун айни муддао!

Камида 15 соатлик сувсиз ва таомсизлик аслида инсонни ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан синовга тутади.

Сиз очлик ва сувсизликни, чарчоқни енгишингиз, ўзингизга бунга қурбингиз етишини эслатиб туришингиз керак бўлади.

Ифтор пайти ичингизда ғалаба туйғусини туясиз ва бу туйғу 15 соатлик рўзага арзийди...

Ўтган йиллар давомида мен фарзандларим билан Рамазон ойларида озгина бўлса ҳам кундуз кунлари кўз юмиб олардим.

Аммо бу гал ундай бўлмайди, чунки ишга ҳам боришим керак.

Айнан шунинг учун бу сафар бир оз хавотирдаман.

Хавотир билан бирга ростини айтсам, бир оз ҳаяжон ҳам бор, яъни, қанчалар кучли ва иродали эканимни баҳонада синаб кўраман.

Кундалик ҳаётимдаги ташвишларга доир ҳеч бир ўзгариш ясамоқчи эмасман.

Рамазонда мусулмонлар хайрия амалларига ҳам кўпроқ эътибор беришади.

Муҳаммад алайҳисалом ҳадисларидан бирида, Рамазон ойи қилинган хайриянинг савоби кўп бўлиши урғуланади.

Бу фақатгина пул бериб хайрия қилиш дегани эмас.

Аксарият мусулмонлар жамоатчилик ишларида фаоллашадилар.

Уйсизларга таом улашишади, боғлар тозаланади, қариялар ва ночорлар зиёрат қилинади, уларга ёрдам берилади.

Рўза тутиш фақат шахсий бир амал эмас, балки ўз жамоангизда қанчалар фаол бўлиш билан ҳам боғлиқдир.

Ҳаммадан ҳам ... бу ой меҳр-мурувват билан боғлиқ, оч қолар экансиз, очларнинг, сувсиз қолар экансиз, ташналарнинг ҳолидан “хабар” оласиз.

Ҳеч қурса мен рўза тутар эканман, ифторликда оғиз очишим учун уйда овқат борлигини биламан.

Дунё бўйлаб ва ҳатто Британияда бундай неъматга етишмаётганлар қанча...

Бу ой динингиз ва Яратган билан яна ҳам яқинлашиш имкониятидир.

Мен одатда диний эътиқодимни ўз дилимга жуда яқин, ҳассос бир шаклда асрашга ҳаракат қиламан.

Аммо бу ой мен махсус видео блог орқали Рамазонга ишловчи она сифатида сафаримни нашр этиб тураман.

Бу ойдаги ташвишларим, қувончларимни бўлишмоқчиман, чунки кўпчилик менинг рўзам орқали Рамазон ҳақида маълумотга эга бўлишлари, истаган саволларини йўллашлари мумкин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ