Хитой Сибир ерларини Россиядан ижарага олмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Забайкалье хушманзара, аммо тупроғи унумдор ҳисобланмайди

Хитой ширкати шарқий Сибирдаги 115 минг гектар ерни қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш мақсадида ижарага олиш учун Россия билан музокаралар олиб бормоқда.

Забайкалье расмийларига кўра, Huae Sinban сармоя ширкати билан шартнома қиймати 448 миллион долларга қадар бўлиш мумкин.

Россиянинг ТАСС агентлигига кўра, маҳаллий ҳукумат Хитой ширкати билан бу борадаги меморандумни имзолаган.

Huae Sinban Сибир ерларини 49 йилга ижарага олишни режаламоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Чельябинскдаги хитойлик ишчилар Россия қишлоқ хўжалиги билан яхши таниш

Хитой бошқа мамлакатларга ҳам ерларни ижарага олиш орқали сармоялар киритган.

Забайкалье губернатори Константин Илковскийнинг айтишича, ижара ҳақи ва муддати билан боғлиқ расмиятчиликлар "бир йил ичида" ниҳоясига етказилади.

Москва давлат университети профессори Наталья Зубаревичнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Сибирдаги бу каби йирик ҳудудни қишлоқ хўжалик мақсадларида ижарага олиш самарасиз, чунки об-ҳаво шароитлари оғир ва тупроқ жуда кўп меҳнат талаб қилади.

Унинг сўзларига кўра, ўсимлик мойи етиштириш ҳам назарда тутилган, аммо у минтақада кунгабоқар ўсмайди.

"Қаттиқ континентал иқлим боис у ерда чорвага ҳам шароит йўқ. Хитойликлар жуда уддабурон, аммо улар иқлимга бас кела олишармикан? Афтидан, улар иссиқхоналардан фойдаланишади", - дейди Наталья Зубаревич.

Аммо келишув яхши иш бергани тақдирда, бу Москва ҳамда Пекин ўртасидаги тобора ривожланиб бораётган бизнес алоқаларини янада гуркиратиши мумкин.

Губернатор Илковскийнинг айтишича, Хитой ширкати ижарага оладиган ерда 1000 га яқин маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда хитойликлар учун иш ўринлари яратилади.

Москва Давлат халқаро муносабатлар институти - МГИМОнинг Хитой бўйича мутахассиси Владимир Корсуннинг айтишича, Хитой сармоясини жалб этишнинг бирдан-бир йўли ерни ижарага беришдир.

Унга кўра, хитойликлар ўз сармоялари учун хавфсизлик ва ҳукуматнинг кафолатлари, махсус шароитлар, жумладан, маълум бир ҳудуд берилишини исташади.

2014 йилнинг май ойида Россия энергияга ташна Хитой билан 30 йилга мўлжалланган 400 миллиард долларлик газ шартномасини имзолаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Путин ва Си Циньпин бир-бирларини "яхши дўст" деб таърифлашади

Ғарбий Сибирдан Хитой шимоли-ғарбига узанадиган иккинчи газ қувури ҳақидаги меморандум ҳам имзоланди.

Ғарб Украинадаги уруш сабаб Россияга қарши иқтисодий жазо чораларини киритиши ортидан Москва сармоялар учун шарққа юз бурди.

Президент Владимир Путин ўтган бир йил ичида Хитой Президенти Си Цзиньпин билан камида беш марта учрашди.

Ҳар икки раҳбар бир-бирларини "яхши дўстлар" дея таърифлашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio