Тунисдаги ИД ҳужумида ҳалок бўлганларнинг "аксари британлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳалок бўлган британларнинг исм-шарифи очиқланмади

Тунисдаги дам олиш масканида юз берган ҳужумда ҳалок бўлган 38 одамнинг кўпчилиги британлар бўлганлар. Бу ҳақида Тунис Бош вазири Ҳабиб Эссид маълум қилди.

Ҳужум учун Исломий Давлат жангарилари масъулиятни ўз бўйнига олишди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳозиргача фақат беш британиялик қурбонни тасдиқлади, аммо бу рақамлар ўсиши мумкинлигини билдирди.

Жума куни қуролли шахс денгиз қирғоғида тобланиб ётган сайёҳларга қарата ўт очар экан, тунисликлар, британлар, олмонлар, белгияликлар, французлар ва камида бир ирландиялик одам нобуд бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳужумчилардан бири қўлга олинди

Яна 36 нафар киши жароҳат олган.

Британ қурбонларнинг исм-шарифлари очиқланмади, аммо Ирландия ҳукумати ўз фуқароси бўлмиш 50 ёшлардаги Лорна Карти исмли аёл ҳалок бўлганини эълон қилди.

Қуролли киши полиция томонидан отиб ўлдирилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда кўчада ўлиб ётгани акс этган ёш эркак ҳужумчилардан бири экани айтилди.

Яна бир қуролли шахс тириклайин қўлга олингани айтилади.

Манчестерга шанба куни қайтиб келган сайёҳ Оливия Литли ҳужум вақтида гранаталар портлаганини эшитгани, сўнг меҳмонхона ходимлари билан бирга меҳмонхона қўриқчилари хонасига яширинганларини сўзлаб берди.

Стив Жонсон ҳам отишмаларга гувоҳ бўлган. "Биз қирғоқ бўйида ётгандик. Мушаклар отишаяпти деб ўйладик. Лекин, кейин аслида нима бўлаётгани тез аён бўлди. Қуроллардан ўқ отилаётганини тушунгач, одамлар қичқириб югура бошладилар", - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи arquivo pessoal
Image caption Омон қолган Сара Уилсон ва марҳум қаллиғи Матю Жеймс

Омон қолган сайёҳлардан бири Сара Уилсон ўз қаллиғи Матю Жеймс унинг ҳаётини сақлаб қолгани, аммо ўзи уч ўқ еб ўлганини Би-би-сига сўзлаб берди.

"У мени деб ўзини ўқлар қаршисига отди. Отишмалар бошланганда у мени танаси билан қоплади. Унга ҳаётим билан қарздорман. Бундай жасоратни умримда кўрмаган эдим", - деди у.

Тунис бош вазири ҳозирда мамлакатдаги археологик ва дам олиш масканларига армия қўшинлари жойлаштирилишини билдирди.

Шунингдек, у "захар тарқатаётган" 80та масжид бир ҳафта ичида ёпилишини айтди.

Тунис ялпи ички маҳсулотининг 15 фоизи туризмдан келади.

Ўтган март ойида жангарилар Тунис пойтахтидаги Бардо музейида ўт очиб 22 кишини ўлдиришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio