Тунислик ўзбек:'Ҳодиса барчани даҳшатга солди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ҳужум тунисликларни ғазабга солган

Тунис Ички ишлар вазирига кўра, Сус дам олиш масканида 38 инсоннинг умрига зомин бўлган ҳодиса ортидан қатор гумондорлар қўлга олинган.

Жума куни Сус оромгоҳида амалга оширилган қуролли ҳужумда нобуд бўлганлар аксари, яъни 30 нафари британиялик сайёҳлардир.

Ички ишлар вазири Муҳаммад Ғарсалий мамлакатдаги дам олиш масканларини муҳофаза қилиш учун 1000 нафар қўшин жойлаштирилишини айтган.

Оврўпо вазирлари ҳужум саҳнасига гулчамбарлар қўйишган.

"Исломий Давлат" гуруҳи ҳужум масъулиятини зиммасига олиб чиққан.

Биз сайёҳлик дам олиш маскани жойлашган ҳудудда яшовчи асли ўзбекистонлик Сурайё Белҳажга боғландик ва юз берган қонли ҳодиса Туниснинг ўзида қандай акс-садо бергани ҳақида сўрадик

Сурайё Белҳаж: Аксар тунисликлар янгиликларни кузатиб борганлари, кўплари интернетдан хабар олаётганлари боис мазкур фожеа борасида мен ҳам Фейсбук ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали билдим. Фейсбукда шундай мудхиш ҳодиса рўй бергани ҳақида ўқидим. Бошида талофотлар камроқ эди. Бироқ, ўқиганим ва радио эшитганим сари ўлдирилган сайёҳлар сони ортиб борганидан даҳшатга тушдим. Телевизордан ҳам буни террорчилик амали деб эълон қилишди. Шунда барчамиз - оила аъзоларим ва қўшниларим даҳшатга тушдик. Шок бўлдик. Биз бегуноҳ одамлар ўлдирилганидан афсусландик... Бу сайёҳларнинг гуноҳи нима эди? Улар иқтисодиётимизга дастак бериш учун келишганди. Айниқса, бир неча ой олдин пойтахтимиздаги Бардо миллий музейига уюштирилган террорчилик ҳужумида ўнлаб инсонлар ҳаётдан ўз юмганидан кейин ҳам сайёҳлар Тунисга сафар қилаётганларини шахсан мен қадрлайман. Ахир, бизнинг иқтисодий фаровонлигимиз шу сайёҳлик билан боғлиқ! Оиламиз Сус шахри жойлашган дам олиш ҳудуди, Маҳдия шаҳарчасида яшайди. Кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари ана шу сайёҳлик саноати ортидан кун кўришади.

Савол: Ҳодиса ҳақида эшитган пайтингиз хаёлингиздан нималар ўтди?

Сурайё Белҳаж: Мени энг даҳшатга солгани, бундай амалиётни бемалол амалга ошириш мумкинлиги бўлди. Ҳужумчининг осонгина, ҳеч қандай тўсиқларсиз меҳмонхонага кириб борганидан ҳайратга тушдим. У оддий, ёш йигитларга ўхшаб кийинган бўлган. Яъни, соҳилда майка ва калта иштон кийган йигитлар мингта ахир! Кўринишда унинг бошқа хизматчилардан фарқи бўлмаган. Кейин бемалол соябон ғилофида яширган Калашников русумли қуроли билан сайёҳларни ўққа тута бошлаган. Бу соҳилда дам олаётган одамлар ва меҳмонхона ходимлари учун бениҳоя кутилмаган ҳодиса бўлган. Кўп тунисликлар бундан қаттиқ ларзага тушишди. Кўплар кўз ёш тўкишди. Энг қўрқинчлиси, гувоҳларнинг гапириб беришларича, ҳужумчи ўзини худди жин чалгандек, хаёли жойида эмасдек тутган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳужумчи деб гумон қилинган йигитнинг сурати. У муҳандисликка ўқигани, ғарбона рақс ишқибози бўлгани айтилади

Савол: Маҳаллий матбуотда ҳужум тафсилотлари қандай ёритилмоқда, қандай талқин қилинмоқда? Қандай фараз ёки фикрлар билдирилмоқда?

Сурайё Белҳаж: Ҳозир маълум бўлишича, кўп одамлар сайёҳларга ёрдам беришган. Меҳмонхона ходимлари сайёҳларни ўз таналари билан тўсишга уринишган. Уларни яширишга, хавфсиз жойга олиб чиқишга ҳаракат қилишган. Бошида шундай бўлган. Кейин фақат ғарбликларни нишонга олаётган ҳужумчи: "Қочинглар, менга йўл беринглар, аралашманглар", деб бақира бошлаган. Кейин улар инсоний қалқон қуришган. Яъни, ходимлар соҳилда саф тортиб туриб: "Аввал бизни от" деб уни нарига ўтишига йўл бермаганлар. Ҳужумчи эса: "Кетинглар, сизлар менга керак эмассизлар", деб хитоб қилган. Бироқ, маҳаллий хизматчилар маҳкам туришган. Охири жангари йигит ортга қайтишга мажбур бўлган. Яъни, у бошқа соҳилга ўта олмаган. Акс ҳолда, талофотлар сони ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди. Меҳмонхонага қайтгач, ҳужумчига халақит бериш учун ходимлар уни ҳар хил нарсалар билан нишонга олишган. Кимдир уни тўхтатиш учун томдан туриб ғишт отган. Денгиз полицияси етиб келганида, баъзи хизматчилар: "Бизга қурол беринг, ўзимиз уни отиб ташлаймиз", деб айтишган. Тунисликларнинг ўзлари уни ўлдиришмоқчи бўлганлар. Шунинг учун, ҳодисадан сўнг минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, жабр кўрган сайёҳларга ҳамдардлик билдиришгани ажабланарли эмас. Одамлар кўчага бутун оилалари, кичик болалари билан чиқишди ва ўз қаҳру ғазаблари, норозиликларини намойиш этишди. Терроризм - тунисликлар учун ақл бовар қилмайдиган тушунча.

Савол: Бир неча йил олдин Араб баҳори айнан Тунисдан бошланганди. Ўшанда сиз ҳам бошқа тунисликлар каби янги ўзгаришлар келади, деб хурсанд бўлгансиз. Қандай қилиб, шунча демократик ўзгаришларни амалга оширган Тунисда исломий радикаллашув кучайиб бормоқда? Жамият қайси томонга силжишмоқда?

Сурайё Белҳаж: Назаримда, жамиятимиздаги аксарият ўзгаришларга ўта некбин қарайди. Яъни, уларнинг бунга ўхшаш мудҳиш ҳодиса бошқа ҳеч қачон рўй бермаслигига ишончлари комил. Албатта, инқилоб бўлганида ҳамма кўтаринки руҳда эди. Янги ҳаёт, янги демократик ўзгаришлар мана энди бошланади, деб ўйлашарди. Мен бу ерда исломий радикаллашув кучаяётганини кўрмаяпман. Буни кўпроқ ташқаридан сизиб кираётган таъсир натижаси, деб биламан. Ёшларнинг "онгларнинг ўғирлаш " жараёни айнан ташқаридан амалга ошириляпти. Ёш тунисликларнинг аксари ишсиз. ДОЙИШ ёки "Исломий Давлат"га ўхшаган гуруҳлар бундан фойдаланиб, уларга иш ва пул ваъда қилишмоқда. Бундай ҳодисалар ўта тез суръатда содир бўляпти. Руҳан заиф ва ё таъсирчан ёшларимиз бунга ишониб, кириб кетишяпти.

Савол: Ўзингизнинг ҳам икки ёш ўсмир ўғилингиз бор. Вазият сиз учун қанчалар хавотирли?

Сурайё Белҳаж: Мен, албатта, қўрқаман. Икки ўғлим бор. Кўп одамлар каби мен ҳам фарзандларимнинг юриш-туришидан бохабар бўлиб туришга ҳаракат қиламан. Доим ким билан бўлишгани, дўстлари кимлигини суриштираман. Интернетда кимлар билан алоқада бўлишлари ҳақида сўрайман. Худо кўрсатмасин, болаларимнинг ёмон одамлар одамлар таъсирига тушиб қолишлари эҳтимолидан ташвишдаман. Маҳалламизда ҳам одамлар бир-бирларини қўллаб-қуватлаб, фарзандларни текшириб туриш керак деган гапларни айтишади. Чунки, бу жуда ҳам кенг тус олган. Мана, қаранг, ҳужумчи йигит ҳам муҳандисликка ўқиган, ўқимишли бўлган. Ғарб услубидаги рақсларни яхши кўрган. Лекин, уни ёллашга муваффақ бўлганлар қаерлардадир унга одам ўлдиришни ўргатишган. Чунки, ҳамма қурбонлар отиб ташланган. Яъни, бу одамларнинг ўтказаётган таъсир кучи ўткирки, буни фақат ўлат билан солиштириш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ