"Исломий Давлатга" йўл олганларни тўхтатиш йўли

Даниядан "Ал-Қоида" ва ўзини "Исломий Давлат" дея атовчи гуруҳ сафларига қўшилишга йўл олганларни қайтариш чоралари бу амалларни ишлаб чиққан Архус шаҳри билан "Архус модели". дея номланди.

Бу шаҳардан 2013 йили 30 киши Сурияга жўнаб кетганди, 2014 йилда атиги бир киши ва бу йил шу вақтгача 2 киши...

Аҳмад бир неча йил аввал Сурияга олиб борувчи йўлдан қайтарилганлардан бири.

25 ёшли Аҳмад Сомалида туғилган. Олти ёшидан бари Данияда яшайди.

Мактабда яхши ўқиган, футбол ўйнашни яхши кўрган, тилни тез ўрганган. Хуллас ҳамма ёш боллалар қатори эди.

Ўсмирлигида отаси Маккага ҳаж зиёратига олиб бормоқчи эканлигини айтди.

Отам, "Менинг диндан кўп хабарим йўқ эди. Динимни Сомалига ташлаб келгандек эдим. Лекин отам мусулмонсан, исминг мусулмонча, дининг, тарихинг, ўзлигингни билишинг керак деди", дея ҳикоя қилади Аҳмад.

Данияга қайтган вақти ҳақиқатдан ҳам ўз дини ва муҳим қадриятларни қайта топгандек ҳис билан келди.

Лекин унинг диний қарашлари мактабда муаммолар туғдира бошлади.

Исломий либос кия бошлаган Аҳмад, қачонки диний мавзу кўтарилса, эҳтирос билан тортишувга киришадиган бўлиб қолди.

Ҳозирда у ўшанда жаҳлсиз йўл тутса яхшироқ бўлишини тушуниб етган, лекин у йиллари мактабдошлари ўнгида ўз динини қатъият билан ҳимоя қилиш керак деб ўйлаган.

"Улар "сизлар аёлларни тошбўрон қиласизлар, савалайсизлар", деб айтишарди. Мен динимни ҳимоя қилишим кераклигини тушунардим, лекин қандай баҳслашиш кераклигини билмасдим, ҳиссиёт ва тилимга эрк берардим".

Бир куни кечқурун отаси телефон қилиб, уни полиция сўраб келганлигини айтди.

Эртаси полицияга бориб суриштирса, мактаб директори у ҳақда полицияга хабар берганлигини билди.

"Синфдошларинг сенинг қарашларинг радикал эканлиги ва сен хавфли амалларга қўл уришинг мумкинлигини айтишган", дейишди полициядагилар.

Полиция унинг уйини тинтув қилишлари кераклиги ва электрон почтаси билан Ижтимоий тармоқларга калит сўзларини тақдим этишни талаб қилди.

"Уйимни тинтув қилиб кетишганидан сўнг ўзимни жуда камситилган ва ғазабда ҳис қилдим", дедйи Аҳмад.

Буларнинг ҳаммаси туфайли муҳим имтиҳонлардан қолиб кетди ва унга кечроқ имтиҳон топширишга рухсат бермадилар.

"Юзимга шапалоқ тортилгандек бўлди. Бу жамият ирқчи экан деган хулосага келдим. Мени террорчи деяптиларми, мен уларга террорчи қандай бўлишини кўрсатиб қўяман дедим".

Масжидга бориб дўстларига ҳамма нарсани айтиб берди. Улар уйларига таклиф қилишди. У ерда Ғарбнинг икки юзламачилиги ва мусулмон давлатларига қарши сиёсати ҳақида узундан узоқ баҳслар юритишарди. Интернетда жиҳодий видеоларни томоша қилишарди.

Бир куни Аҳмадга агарда Ислом ҳақида кўпроқ нарсаларни ўрганишни истаса Покистонга бориши кераклигини айтишди. Отасига режасини айтганди, қарши эмаслиги, аммо аввал мактабни битириши кераклигини айтди.

Лекин яна полициядан телефон қилиб қолишди. Чойга таклиф қилишди.

Истар-истамас борди. "Ҳаммасини юзларига айтаман, Покистонга бориш ноқонунуий амал эмас, қўлдан келганини қилинглар, хайр-хўш сизларга дейман" деган қатъий илинжда полиция билан чойхўрликка борди.

Лекин полициянинг бошқа таклифи бор экан. Улар Аҳмад бошқа бир мусулмон биродари билан учрашишга ва ҳиссиётлари билан ғазаби ҳақида суҳбатлашишга тайёрми, деб сўрадилар.

"Қанақа мусулмон экан ўша. Сотқин бўлса керак" деган ҳаёл ўтди.

Шундай қилиб у Маҳмуд билан учрашди. Ва шундай қилиб Архус Модели, дея ном олган дунёга кириб борди.

Архус модели

Архус Модели олдини олиш ва оқибатларга қарши курашиш амалларини ўз ичига олади. Баъзи ҳолларда хорижда жиноятга қўл урмаган Суриядаги ёшларга Данияга қайтиб, жамиятга қайта қўшилиш имкони таклиф қилинади. Сурия йўл олмоқчи бўлганларни бундай қилмасликка ишонтириб, қўллов ҳам таклиф қилинади.

Радикаллашувнинг олдини олиш амаллари 2007 йилдан бери олиб борилмоқда. Сурияга йўл олаётганлар билан ишлаш 2013 йилда бошланди.

Ота-оналар, фаоллар, ўқитувчилар, ёшлар раҳнамолари ва полиция радикал ғояларга берилаётган ёшлар билан ишлайдилар.

Ота-оналарга йўриқлар берилади, ёшларга раҳнамо тайинланади.

Аҳмаднинг айтишича, аввал боксчига ўхшаб ҳамиша муштини тайёр тутган бўлса, кейинчалик "кел, шу одамга ҳам бир қулоқ солиб кўрай" деб шаштидан бир оз тушган.

Маҳмуд у билан мантиқ билан гаплашиб, Аҳмад тушунадиган йўлда қилаётган иши хавфли эканлигини тушунтира билди.

"У менга "Ҳа, сенга адолатсиз муносабатда бўлишган, лекин Покистонга борсанг бутун ҳаётингни оёқ-ости қиласан" деб тушунтирди".

Буларнинг ҳаммаси ҳақиқатдан ҳам Аҳмад учун мантиққа тўғри келаётганди. Унга ҳеч ким мусулмон бўлмаган, демаётганди. Мусулмон бўл, лекин гуноҳсиз одамларга озор етказмайдиган яхши мусулмон бўл, деб айтишаётганди.

Маҳмуднинг айтишича, агарда бу суҳбатлар бўлмаганида Аҳмад ҳақиқатдан ҳам ҳозирда Покистонда бўларди.

Аҳмад мактабни битириб, Покистонга эмас олийгоҳга йўл олди. Ҳозир битириш арафасида, яқинда уйланмоқчи.

"Ҳозир бахтлиман. Келажагимни Данияда кўраман. Аввал бундай эмасди, ҳамма нарса қоронғудек эди. Энди ўзим ҳам бировга раҳнамо бўлсаммикан деган фикрдаман. Менинг аҳволимга тушган бошқаларга ёрдам бермоқчиман".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio