Юнонлар учун кейинги қадам нима?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Юнонистондаги референдум иштирокчилари қарийб 60 фоизи овроҳудуднинг молиявий ёрдам эвазига иқтисодий ислоҳотлар талабини инкор қилган. Бош вазир Алексис Ципрас референдумни Оврўпога қарши бир амал эмаслигини айтиб чиққан эса-да, қатор Оврўпо раҳбарлари "Йўқ" деган овоз Юнонистоннинг овроҳудуддан чиқиб кетишига етаклаши мумкинлигидан огоҳлантиришди. Хўш, навбатдаги қадам нима бўлади? Юнонлар еврони сақлаб қоладиларми ёки ягона пул бирлиги ҳудудини тарк қиладими?

Жавоб: Бу ерда учта ҳолатни башорат қилиш мумкин. Биринчи кўринишда юнон ҳукумати "Йўқ" деган овоз билан овроҳудуд раҳбарларини Юнонистон учун янги, яхшироқ шартлар асосида тузатилган битимга рози қилишга уриниши мумкин. Иккинчи манзара - агар қўшимча музокаралар иш бермаса, Юнонистон Евро пул бирлигидан воз кечади. Учинчи ҳолатда эса, ҳамон ёпиқ қолаётган юнон банкларининг инқирозга юз тутиши овроҳудуддан молиявий ёрдам қўли узатилишига ва ё Юнонистоннинг Овроҳудуддан чиқиб кетишига етаклаши мумкин. Айни пайтда келажак музокаралар муваффақиятсиз кечиши эҳтимоли катталиги башорат қилинмоқда. Чунки, Юнонистоннинг Оврўполик ҳамкорлари кўпи якшанба кунги референдумни Евро пул бирлиги ҳудудидан воз кечиш ёки унинг акси сифатида баҳолашди. Шунга қарамай, Оврўпо Марказий Банки ва овроҳудуд раҳбарлари ўртасида фавқулодда йиғин бўлиб ўтади, аммо кайфият яхши бўлмайди.

Савол: Юнон банкларига энди нима бўлади? Банклар бир ҳафтадан бери ёпиқ қолмоқда ва одамлар чекланган миқдордагина пул олишга муваффақ бўлишмоқда?

Жавоб: Юнон банкларининг аҳволи ҳар қандай сиёсий келишувга соя қолмоқда. Ҳукумат "Йўқ" деган овоз берилса, банклар сешанба куни тезда қайта очилишига ваъда берганди. Аммо, Оврўпо Марказий Банки фавқулодда нақд пул ёрдамини маъқулламайдиган кўринади. Бу эса, Юнонистон маҳаллий банклари бир неча кун ичида касодга учрашини англатади. Яна бир эҳтимол - банклар эски пул бирлиги драхма қайта тикланишидан олдин параллел валюта билан қайта очилади. Ё-да, Юнонистон иқтисодининг таназзулга юз тутаётгани ОИни банк тизимида ўзгартиришлар қилишга ундаши мумкин. Бироқ, бу қадам овроҳудуддаги бошқа давлатларда сиёсий чигалликларни келтириб чиқариши мумкин. Мисол учун, кескин бюджет қисқартиришларни бошидан кечирган Испанияда сиёсий оқим умумий сайловларолди ушбу иқтисодий чораларга қарши томонларнинг босими остида қолмоқда.

Устига-устак, Юнонистон ҳукумати ўтган ой Халқаро Валюта Жамғармасига қарзларини қайтаришга муваффақ бўлмади. Мазкур ҳолат уни янада каттароқ босим остига қўйиши мумкин.

Савол: Аммо, Юнонистон ҳукумати келишувга эришиш, овроҳудуд ва ОИ таркибида қолишига ишонаётган кўринади?

Жавоб: Бу буюк эҳтимолдан узоқроқ. Аммо, Юнонистон Бош вазири битим ва ислоҳотлар учун режани тақдим этган ва бу овроҳудуд ва Халқаро Валюта Жамғармаси кредиторлари талабларидан у қадар узоқ эмас эди. Биргина фарқ - у учинчи марта 29.1 миллиард евро молиявий ёрдам истаганди. Бу эса, таклиф қилинган ёрдамдан тўрт марта каттадир. Ципрас фақат пул илинжида эмас эди, балки у Халқаро Валюта Жамғармасидан қарзларни енгиллатишни ҳам истаганди. Аммо, Би-би-си мухбирига кўра, ўтган тун Юнонистон сиёсий зилзилани бошидан кечирди ва қайта силкинишлар қаттиқроқ бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio