Раҳбарлар Уфага БРИКС ва ШҲТ саммитларига йиғилганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Бошқирдистони пойтахти Уфа шаҳрида БРИКС ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити бошланган.

Уфадаги олиймақом мулоқотларга дунё матбуотининг эътибори қаратилган.

Мухбирларнинг ёзишича, БРИКС ва Шанхай ташкилоти доирасидаги учрашувлар билан Россия Ғарб санкциялари оқибатида йўқотаётган халқаро обрўсини кўтариш, ўзининг Ғарб билан бўлмаса, Шарқ билан муваффақиятли иқтисодий, савдо ҳамкорлигини йўлга қўя олишини намойиш этишни истаган.

БРИКС саммити арафасида ушбу ташкилот доирасида уч молиявий институт ташкил этишга келишилгани хабар қилинди.

Бу институтлар Халқаро Валюта Жамғармаси ва Жаҳон банкига муқобил молиявий ташкилотлар деб кўрилмоқда.

БРИКС аъзолари бўлган Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка умумий валюта захирасини ташкил этадилар.

Бундан мақсад, аъзо мамлакатлардан бири муҳтож бўлиб қолса, АҚШ доллари бериб туриш.

Бу жамғармага Хитой 41 миллиард, Бразилия, Ҳиндистон ва Россия 18 миллиарддан, Жанубий Африка эса 5 миллиард доллар бериб туришга рози бўлганлари хабар қилинган.

Шунингдек, БРИКС Тараққиёт банкини ҳам тузишга келишиб олинган.

Аъзо мамлакатлар инфратузилмавий лойиҳаларга биргаликда сармоя йўналтиришга имкон берадиган умумий механизм ташкил этиш борасида ҳам бир қарорга келганлари хабар қилинмоқда.

Бундан бир неча кун олдин Хитой етакчилигида Осиё Инфраструктуравий сармоялар банкига асос солингани хабар қилинди.

Уфага Эрон, Покистон раҳбарлари ҳам борганлар, уларнинг БРИКС ва Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитларида ҳам иштирок этишлари хабар қилинган.

Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ташкилоти саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ушбу халқаро ташкилотга қўшилишлари мумкинлиги ҳақида айтган.

Беларусга ШОС ташкилотида кузатувчилик мақоми ваъда қилингани ҳақида хабар қилинган.

Марказий Осиё мамлакатларини зиёрат қилган Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 8 июл куни Россияга етиб борган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Шанхай ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Уфага йўл олгани ҳақида хабар тарқатган Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари.

Уфадаги олиймақом мулоқотларнинг биринчи кунида Беларус Россиядан 3 миллиард доллар қарз сўрагани хабари тарқалган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сўзларига кўра, Россиянинг на БРИКС ва на ШОСдаги бирорта ҳам ҳамкори ушбу саммитлар кун тартибига Россиянинг Қримни аннексия қилгани масаласини киритишни истамаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ