Турк суди Гуланга тегишли мактабларни ёпиш қарорини бекор қилди

Image caption Эрдўғон ва Гулан бир вақтлар яқин иттифоқчи эдилар

Туркия конституцион суди уламо Фатҳуллоҳ Гуланга тегишли экани ишонилган хусусий мактаблар тармоғини ёпиш бўйича чиқарилган қонунни бекор қилди.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ўзининг собиқ иттифоқчиси ва ҳозирда мухолифи бўлган жаноб Гуланни унга қарши фитна уюштиришда айблаган.

Мазкур мактаблар АҚШда яшайдиган жаноб Гуланнинг 50 йиллик "Хизмат" ҳаракати учун энг асосий даромад манбаидир.

Бу мактаблар мустақиллик йилларининг бошида Ўзбекистонда ҳам очилган, бироқ 90-йиллар охирларига бориб ёпилган. Мактабнинг ўзбек талабалари эса "Нурчилик" диний оқимига аъзоликда айбланиб таъқиб қилинганлар ва бир нечаси қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Туркияда миллионлаб талабалар жаноб Гуланнинг лицейларида ўқиб университетларга тайёрланадилар.

Мазкур мактабларни ман этувчи қонун 1 сентябрдан кучга кириши мўлжалланганди.

Ўтган декабрь ойида Туркия суди жаноб Гуланни "қуролли террорчи гуруҳ"ни тузиш ва юритишда айблаб, унга қарши ҳибс санкциясини чиқарганди.

Image caption Фатҳуллоҳ Гулан мактаблари нафақат Туркия, балки дунёнинг турли бурчаклари, хусусан Африкада ҳам очилган

Жаноб Гулан барча айбларни кескин рад қилади.

Президент Эрдўғон янги қонунни таълим соҳаси ислоҳотлари доирасида тақдим қилганди.

Туркия таълим соҳаси саводхонлик, математика ва илм-фан бобида аксар ривожланаётган давлатлардан орқада қолиб келмоқда. Қонун қабул қилинаётганида жаноб Эрдўғон амалдаги тизимни "носоғлом" дея қоралаганди.

Жаноб Гулан бир вақтлар бугунги президентнинг иттифоқчиси бўлган, бироқ охирги йилларда уни ҳукуматни ағдариш уринишларида айблашди.

Икки йил аввал Туркия полицияси ва адлия тизимдаги "Хизмат" ҳаракатига аъзо ёки хайрихоҳ бўлган мулозимлар у пайтда бош вазир бўлган Эрдўғоннинг тарафдорларини ёппасига тергов қила бошлаганида, Гулан ва Эрдўғон ўртасидаги алоқалар таранглашган.

75 ёшли Фатҳуллоҳ Гулан Анатолия суфийларидан таъсирланган сунний ханафий мусулмон уламосидир.

Унинг "Хизмат" ҳаракатида муайян структура йўқ, бироқ унинг 150та мамлакатда миллионлаб аъзолари бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ