Мулло Умар Рамазон Ҳайити табриги билан чиқди

Афғон Толибони раҳбари Мулло Муҳаммад Умар мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи якунидаги байрам - Ийд ал-Фитр ёки Рамазон Ҳайити муносабати билан мурожаат эълон қилган.

Бу мурожаатида Толибон лидери Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини олқишлаган.

Мулло Муҳаммад Умар баёноти Толибоннинг веб-сайтида эълон қилинган.

Ушбу баёнот "Мулло Умар Толибоннинг Афғон ҳукумати билан музокараларига "оқ йўл" бермаган", деган овозаларга чек қўйган.

8 июлда Покистон шимолидаги Мёрри шаҳрида Толибон ҳаракати вакиллари билан Афғонистон ҳукумати биринчи расмий ҳайъати билан музокаралар бўлиб ўтган.

Афғонистон Олий Шўроси томонидан ташкиллаштирилган ушбу мулоқотлардан кўзланган мақсад, Толибон ҳужумларини тўхтатишга ҳамда жангариларнинг қуролларини ташлаб тинч ҳаётга қайтишларига кўндириш бўлган.

Мулло Муҳаммад Умар ўзининг Рамазон Ҳайити табригида музокараларни тўғридан-тўғри тилга олмаган бўлса ҳам Ислом дини душманлар билан тинч мулоқотларга монеълик қилмайди, деб айтган.

Ўзларининг мақсади Афғонистонни "хорижий кучлар босқинидан озод қилиш" эканини айтган Толибон лидери мулоқотлар ўзларининг ана шу мақсадига хизмат қилишини айтган, бу мақсад йўлидаги музокараларни "машруъ" деб атаган.

Толибон лидери ўзларининг муқаддас мақсадларига эришиш йўлида қуролли жиҳод билан бирга сиёсий музокараларни олиб бораётганларини айтган.

Баёнотда ўзини "Исломий Давлат" деб атаган жангари гуруҳ номи тилга олинмайди, бироқ ўша гуруҳ аъзоларига мурожаат қилиниб бирдамликка чақиради.

"Биз барча мужоҳидларимизни бирликларини сақлашга ва орада фарқ барпо этиш йўлидаги ҳар қандай унсурларни куч билан олдини олишга йўналтирмоғимиз лозим", дейилади Мулло Умар баёнотида.

Афғонистонда ИДга содиқликни истаган жангарилар сони ортгани кузатилган.

ИД ва Толибонга содиқ жангарилар ўртасида охирги ойларда келиб чиққан қақшатқич жанглар минглаб афғонларни ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ