Қрим: Аннексияни қоралаган имом сиртдан қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Маҳкама имомни икки йил давомида "ҳар қандай маълумотни тарқатиш билан шуғулланиш"ни таъқиқлаган.

Қрим масжиди имоми Мустафо Яҳёев Бохчасарой маҳкамаси томонидан миллий низоларни қўзғашда айбдор топилиб, икки йиллик сиртдан қамоқ жазоси берилган.

Бу ҳақда хабар тарқатган Қрим прокуратурасига кўра, маҳкама имомни икки йил давомида "ҳар қандай маълумотни тарқатиш билан шуғулланиш"ни таъқиқлайди. Бу эса уни масжидда ўз имомлик вазифасини бажаришга тўсқинлик қилиши мумкин.

Темирйўлчи қишлоғида чилангар бўлиб ишлайдиган ва Тургеневка қишлоғи масжидида имомлик қиладиган Мустафо Яҳёев бухгалтериянинг уч ходими билан суҳбатлашаётиб, Қримнинг Россияга қўшилиши ҳақидаги фикрларига қўшилмаган, дейилади "Сова" инсон ҳақлари маркази хабарида.

Хабар қилинишича, Яҳёев "қаттиқ оҳангда" Қрим Украинага албатта қайтарилиши ва бундан кейин уруш бошланишини айтган. Имом шунингдек, гўёки руслар ва мусулмонлар орасида қирғин яқинлашаётгани ҳақида гапирган ва бу ҳақда олдиндан қаттиқ афсусда, хавотирда эканини билдирган.

Масжид имомининг ўзи бундай сўзларни айтганини қатъиян рад қилган.

Ҳодиса 2014 йил июн ойида юз берган дейилади.

"Сова" инсон ҳақлари маркази ёзишича, келишмовчилик ҳақида маълумот зудлик билан экстремизмга қарши кураш бўлимига етказилган ва жиноий иш қўзғатилган.

Олдинроқ бу ҳақда имомнинг ҳимоячиси Эмил Курбединов маълум қилганди.

Ўтган йил декабр ойида имомнинг уйи тинтув қилинган. Ички ишлар ходимлари томонидан диний китоблар, компютер, фотосурат ва ҳужжатлар олиб кетилган.

Март ойида эса Мустафо Яҳёевга қарши миллий низоларни қўзғаш тўғрисида жиноий иш очилган.

Ҳуқуқ фаоллари ҳодисани шунчаки маиший мазмундаги келишмовчилик деб атаб, чиқарилган ҳукмни ҳуқуқ нормаларига тўғри келмаслигини айтишган. Уларга кўра, агар ҳақиқатдан имом томонидан таҳдид бўлган бўлса ҳам, у омма қаршисида янграмаган.

Украинадаги воқеалар ортидан Россия 2014 йил мартида Қримни аннексия қилган ва ўтказилган референдумни қримликларнинг хоҳиш-иродаси дея баҳолаган эди.

Халқаро ҳамжамият Қримнинг Россияга қўшилишини ноқонуний ва нолегитим дея таъкидлайди ва Қримни Украинага қайтаришни талаб қилиб келади. Қрим аннексияси туфайли Ғарб Россияга қарши қатор санкцияларни киритган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio