Мутаассиб мусулмонлар бузган мақбаралар таъмирланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Исломий жангари гуруҳ 2012 йили вайрон этган Мали шимолидаги Тимбукту мақбараларидан 14 таси қайта қурилган.

БМТнинг маданият жамғармаси ЮНЕСКО билан ҳамкорликда маҳаллий ҳунармандлар бир неча асрлик лой биноларни тиклаганлар.

Бутун Тимбукту шаҳри ЮНЕСКОнинг Жаҳон Мероси маскани рўйхатига киритилган.

Шаҳар XIII асрдан XVII асргача исломий таълим маркази деб кўрилган.

Ўша замонларда Тимбуктуда 200 тача мадраса бўлган ва бутунд дунёдан Ислом динини ўрганмоқчи бўлган минглаб талабалар ҳозирги Мали давлати ҳудудига йўл олганлар.

Диний уламоларнинг мақбаралари барпо этилган, тимбуктуликлар бу жойларни муқаддас деб билганлар ҳамда ўз шаҳарлари билан фахрланганлар.

XV асрда барпо этилган Сиддиқ Яҳъё мақбараси бу ердаги энг машҳур мақбара ҳисобланади.

Тимбукту Сўфийлик анъаналари эҳтиром қилинадиган ҳамда "333 авлиё шаҳри" деб ҳам аталадиган шаҳардир.

Бироқ 2012 йил июлида шаҳарни ўзини "Ансориддин" гуруҳи деб атаган гуруҳ босиб олди.

Мақбаралар Ислом динига қарши деб биладиган мутаассиблар гуруҳи кўп асрлик биноларни вайрон этган.

Бутун дунёдан дунёвий ва диний арбоблар "Ансориддин" гуруҳини мақбараларни бузмасликка чақирди.

Ўзида 55 мамлакатни бирлаштирган Исломий Конференция ташкилоти ҳам "Ансориддин" ҳаракатларини қоралаб баёнот эълон қилди.

Тимбуктуда кўп асрлик қўлёзмалар ҳам сақланган, жангарилар минглаб қўлёзмаларни ҳам ёқиб юборганлар.

"Ансориддин" гуруҳини Франция қўшинлари 2013 йил январида Тимбуктуни ташлаб чиқишга мажбур этди.

18 июл куни шаҳардаги қайта қурилган мақбараларни очилиш маросимлари бўлиб ўтган.

Маросимда ЮНЕСКО Ижроия директори Ирина Бокова қатнашган.

Бокова хоним маданий обидаларни вайрон этиш 1954 йилги Ҳаага Конвенциясига биноан уруш жинояти деб кўрилишини айтган.

ЮНЕСКО мақбараларни вайрон қилганларни тутиб жавобгарликка тортиш бўйича Халқаро Жиноят маҳкамаси билан ҳамкорлик қилаётганини айтган Ирина Бокова.

"Икки ой олдин мен прокурор билан учрашдим ва ишончим комил, улар ишни тез олиб бормоқдалар. Умид қиламанки, тез орада иш Халқаро Жиноят маҳкамасига тақдим қилинади", деб айтган ЮНЕСКО раҳбари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ