Қрим татарларининг Қримдаги аҳволи

Алан Жангожа, Киев

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Қрим татарларининг кўпи ҳозирги аҳволдан хавотирда

Украинадан қаралганда қрим татарларининг Қримдаги аҳволи анча аянчлидир.

Россия Қримни ўзига қўшиб олганидан кейин бу қадамга рози бўлмаган фаоллар ҳануз гаровга олинмоқда ва дом-дараксиз йўқолмоқда.

Турли маълумотларга кўра 18 кишининг ҳолати номаълум қолмоқда. Дом-дараксиз йўқолган Ислом Жаппаровнинг отаси Абдурашид йўқолганлар сони 7 дейди, лекин бу рақам ҳам ташвиш туғдиради.

Украинада эълон қилинган рақамларга кўра Қримдан минглаб қрим татарлари Украинанинг ғарбий вилоятларига бадарға қилинган.

Журналист Матвей Ганапольскийнинг айтишича Россия ҳукумати ва қрим татарлари орасидаги танглик бирданига пайдо бўлмаган. Нотўғри ўтказилган мулоқот, унинг фикрича, қрим татарларини камситиш, йиғилишларини тақиқлашга олиб келди.

АТР телеканали ёпилди. Унинг ўрнига КОТ (Крымское общественное телевидение) тузилди, лекин бу сўз қрим татарлар устидан истеҳзо сифатида қабул қилингач, уни "Миллат" деган номга ўзгартиришди.

Тошкентдаги "Авдет" миллий маданий маркази раҳбари Нусрет Джемилевнинг айтишича аваллари Украина дипломатик хизматлари Ўзбекистондаги 80-100 минг сонли қрим татарлар диаспораси ҳақида ғамхўрлик қилишар экан, ҳозирда Россия элчилиги улар билан қизиқмайди.

Мисол тариқасида май ойида Тошкентда қрим татарлар депортациясини хотиралаш кунида Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Савченко қатнашган, Россия вакилларидан эса ҳеч ким бўлмаган.

Қримнинг янги ҳокимияти эгалик масалалрини қайта кўриб чиқмоқчи. Бу эса қрим татарлари тарафидан таҳдид сифатида кўрилмоқда.

Ҳозирда қрим татарлари учун асосий масалалар ер масаласи ва тил масаласидир. Қримдаги россияпараст ҳукматнинг чақириқлари ҳамда амаллари эса қрим татарларининг аксариятида ташвишу хавотир уйғотмоқда.