Юнонистон банклари қайта очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Юнонистон ташқи қарзлари атрофидаги қаттиқ муҳокамалар боис уч ҳафта олдин ёпилган банклар эшиклари яна очилган.

Юнонистон ҳукумати билан кредиторлар ўртасидаги баҳслар мамлакатни дефолт ҳолатига тушириш ва Евро пул бирлиги муомалада бўлган ҳудуддан чиқариб юбориш хавфини пайдо қилди.

Бу нарса Юнонистондан капитал чиқиб кетишига етаклаши мумкинлигидан хавотирланган ҳукумат банкларни ёпишга, нақд пул билан боғлиқ чеклов киритишга қарор қилди.

Охирги уч ҳафта мобайнида бир кишининг банкоматдан бир кунда 60 Евро чиқариб олишига рухсат берилган, шунинг учун банкоматлар қаршисида навбатлар юзага келган эди.

Бундан кейин бир кишининг бир ҳафтада 420 Еврони ўзининг банк ҳисобидан чиқариб олишига изн берилган, бу банклар рўпарасидаги навбатларни камайтириш мақсадида қилинган.

Юнонистон парламенти оврўполик кредиторлар талаб қилган ислоҳотлар дастурини қаттиқ баҳсу-мунозаралар ортидан қабул қилди.

Бу дастурда солиқларни ошириш, пенсия ислоҳотини ўтказиш каби амаллар Юнон ҳукуматидан талаб қилинган.

Бусиз Юнонистон муҳтож бўлиб турган ташқи қарзларини тўлаш учун зарур маблағни ололмас эди.

Юнон парламенти маъқулловидан кейин Еврозона 7 миллиард евролик қисқа муддатли қарз беришга рози бўлди.

20 июл куни Юнонистон Оврўпо Марказий банки ва Халқаро валюта жамғармасига 6,25 миллиард евролик қарзини тўлашни бошлаган.

Юнонистон ҳукумати банклардаги капитал ҳаракатланиши билан боғлиқ чекловларни сақлаб қолишни истамоқда.

20 июлдан талаб қилинган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга киришилган, шу кундан бошлаб Юнонистонда ресторанлар ва таксилар учун қўшимча қиймат солиғи 13 фоиздан 23 фоизга оширилган.

Бу тамаддихоналар ва транспорт ҳақлари қимматлашишини англатади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас.

22 июл куни Юнонистон парламенти бюджет харажатларини камайтириш мақсадидаги кейинги қадамларни муҳокама этишга киришади.

Би-би-си мухбири Марк Лоуэн ёзишича, инқироз ортда қолди деб айтишга ҳали эрта.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ