Бирмингемда Қуръоннинг қадимий нусхаси топилди

Image caption Қуръоннинг қадимий нусхаси устида ишлаган инсон назарий жиҳатдан олганда Муҳаммад Пайғамбар (с.а.с) билан учрашган ёки ваъзларини бевосита эшитган бўлиши мумкин.

Бирмингем университети ходимлари ўзларининг кутубхоналарида сақланаётган Қуръон нусхаси дунёдаги энг қадимий манускриптлардан бири эканини аниқлашди.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, ўтказилган радиоуглеродли ташхис мусулмонлар муқаддас китобининг ёши 1300 йилдан ошишини, яъни Қуръоннинг энг биринчи нусхаларидан эканини кўрсатганда улар ҳайратга тушганлар.

Бу шуни англатадики, манускрипт устида ишлаган инсон назарий жиҳатдан олганда Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) билан учрашган ёки ваъзларини бевосита эшитган бўлиши мумкин.

Image caption Бирмингем университети кутубхонасида сақланаётган Қуръон нусхаси Яқин Шарқдан келтирилган қадимий китоблар орасида бўлган.

Қуръон нусхаси Яқин Шарқдан келтирилган бошқа минглаб қадимий китоблар билан биргаликда 1920 йилларда келиб чиқиши ироқлик бўлган тарихчи Алфонс Минган томонидан университетга тақдим этилган.

Бироқ китоб қарийб юз йил давомида синчиклаб ўрганилмай қолган.

Британия кутубхонаси эксперти доктор Муҳаммад Исо "ҳаяжонли кашфиёт" мусулмонларни тўлқинлантиришини айтади.

Университетнинг махсус тўпламлар бўлими директори Сюзан Уорроллга кўра, тадқиқотчилар китобнинг бу қадар қадимийлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмаганлар. "Бизда энг кўҳна Қуръон нусхасининг борлиги оламшумул янгиликдир", дейди у.

Қуръон устида текширув Оксфорд университети тадқиқотчилари томонидан ўтказилган бўлиб, қўй ё эчки терисига ёзилган сатрлар Қуръоннинг энг кўҳна матнларидан эканини кўрсатган.

"Бу натижалар бизни Ислом пайдо бўлган дастлабки даврларга олиб боради", дейди Университетнинг насронийлик ва ислом факультети профессори Дэвид Томас.

"Мусулмон анъаналарига кўра, Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)га Муқаддас Қуръон оятлари 610-632 йиллар оралиғида ваҳий келган деб ишонилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қуръон нусхасини кўчирган инсон Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)ни бевосита билган... балки у кишининг ваъзларини эшитгани эҳтимоли катта".

Профессор Томасга кўра, пергаментга, тошга, палма баргига ёзилган Қуръон парчалари йиғилиб, 650 йилда китоб тарзида якунланган.

Пергаментга ёзилган баъзи қисмлар Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) вафотидан сўнг камида 20 йил ичида кўчирилгани эҳтимолини кўрсатади.

Радиоуглеродли ташхис давлат ва хусусий коллекциялардаги қадимий китобларнинг аниқ ёшини айтиш имконини беради.

Доктор Уэйлига кўра, Қуръон нусхасининг якуний кўчирилган пайти учинчи халифа Усмон ибн Аффон даврига тўғри келади.

Бирмингем марказий масжидининг имоми Муҳаммад Афзал ушбу янгиликдан қаттиқ таъсирлангани, қалби улкан фахрга тўлганини ҳаяжонланиб сўзлайди. "Мен Қуръон саҳифаларини кўрганимда қаттиқ таъсирландим. Кўзларимга ёш келди. Мен аминманки, британияликлар бу муқаддас саҳифаларни ўз кўзлари билан кўриш учун Бирмингемга албатта келадилар", дейди Муҳаммад Афзал.

Профессор Томас таъкидлашича, бирмингемликлар учун ҳозир дунёда "бошқа нусхаси бўлмаган улкан хазина" мавжуд.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio