Французлар Саудия подшоси ҳордиғидан норози

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Саудия Арабистони подшоси Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд хавфсизлиги ва ёт кўздан холи ҳордиқ чиқариши учун Франция Ривейрасида денгиз соҳили омма учун ёпилгани оддий одамларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Ушбу норозиликни қўллаб-қувватлаб битилган петицияга 100000 дан ортиқ киши имзо чеккан.

Петицияда ёзилишича, Валори соҳили “барча фойдаланиши учун имконли бўлиши” лозим.

Франция расмийлари норозилик амалиётларига йўл қўймаслик мақсадида 25 июл куни соҳил атрофини ўраб олганлар.

Саудия подшосининг Франциядаги ўз вилласида уч ҳафта давомида таътилини ўтказиши режалаштирилган .

Шанба куни Саудия Арабистони ҳаво ширкатига тегишли иккита Boeing 747 учоғида подшо ва унга ҳамроҳлик қилаётган 1000 тача киши Ницца аэропортига қўнганлар.

Подшо ва унга энг яқин 300 ча киши Антиб билан Марсел ўртасидаги улкан виллада, қолганлар эса Канн шаҳри меҳмонхоналарида яшашади.

Канндаги меҳмонхоналар менежерлари ассоциацияси президенти Мишел Шевиллон фикрича, Саудия подшосининг ташрифи меҳмонхоналар ва маҳаллий иқтисод учун “яхши янгилик”дир.

“Улар харид қуввати катта одамлар” деб айтган Мишел Шевиллон.

Бироқ Саудия подшоси вилласига туташ “Ла Мирандол" пляжининг бир қисми ёпилгани маҳаллий французларни ғазаблантирган.

“Биз давлатнинг қонун олдида барча тенглиги фундаментал тамойилини кафолатлашини сўраймиз”, деб ёзилган петицияда.

Валори ҳокими Мишел Салуцки вилланинг денгизга туташ жойида рухсат этилмаган қурилиш ишлари амалга оширилганидан норози бўлиб Франция Президенти Франсуа Олландга мактуб ёзган.

Валори ҳокими ёзишича, саудияликлар қумли пляжнинг бир қисмини цемент билан бетонлаштирганлар ва подшо соҳилга тушиши учун лифт қурганлар.

Саудия тарафи подшо кетганидан кейин бетон платформа ва лифтни бузишга ваъда берган.

Подшо Салмон дам олаётган уч ҳафта маобайнида денгиз тарафдан виллага 300 метр яқинлашиш ҳам тақиқланган.

“Биз атрофимиздаги бу бебошликлардан тўйиб кетдик”, дея маҳаллий яшовчи аёлдан иқтибос келтирган Франс Пресс ахборот агентлиги.

“Сиз хавфсизликни кафолатлашингиз зарурлиги нормал нарса эканини кўриб турибман, бироқ улар бизнинг чўмилишимизга рухсат беришлари керак”, деб айтган француз аёл.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ