Хитойда эскалатор бир аёлни 'ютиб юборди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ходимлар аёлни қутқаришга ҳаракат қилишган, аммо унга ёрдам бера олишмаган

Хитой маҳаллий матбуотининг хабар қилишича, Цзинчжоу шаҳридаги савдо марказларидан бири эскалаторида 30 ёшли аёли фожеали тарзда нобуд бўлган.

Кузатув камераларидаги тасвирларда эскалатор тепасидаги метал қопламага етганда аёл ва унинг боласи қоқилиб кетганлари акс этган.

Маҳаллий матбуотда исми шарфи Шианг Лижуан дейилаётган аёл ўзи йиқилишидан олдин боласини хавф жойга итаришга муваффақ бўлган.

Хубей вилоятида маҳаллий вақт билан соат 10:09да юз берган ҳодиса кўпларнинг ғазабини қўзғаган.

Эскалатор тепасида турган савдо маркази ходимлари аёлни қутқаришга ҳаракат қилишган, аммо унга ёрдам бера олмаганлар. Аёлни ҳаракатланувчи тасма тортиб кетган.

Қутқарувчилар соат 14:00ларга бориб жасадни чиқариб олишган.

Савдо маркази ҳодиса юзасидан дарров изоҳ бермаган. Аммо, матбуотнинг хабар қилишича, маҳаллий расмийлар текширув ишларини бошлашган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, яқинда эскалатор таъмирдан чиқарилган, ишчилар унинг тепасига метал қоплама ўрнатишган, аммо уни бурама мих билан қотиришни унутишган.

Хитой ижтимоий тармоқларида ҳодиса юзасидан ғазабнок муносабатлар билдирилмоқда. Кўплар савдо маркази раҳбариятидан жавоб талаб қилишмоқда. Душанба куни эрталабнинг ўзида мазкур хабар 20 миллион кишининг эътиборига тушган.

Кўплаб боласини қутқариб, ўзи нобуд бўлган онанинг хотирасига ҳурмат бажо келтиришган.

Бошқалар эса, Хитойдаги хавфсизлик андазаларидан хавотир изҳор қилишган.

Яқин йиллар Хитойда эскалатор билан боғлиқ қатор нохуш ҳодисалар юз берган. 2014 йил Шанхайда йўналишини тўсатдан орқага қараб ўзгартирган ускуна 13 кишига тан жароҳати етказганди. 2013 йилда эса, ўхшаш ҳодисада бир ўсмир бола ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio