Топилган бўлак MH370 рақамли учоққа тегишлими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳинд уммони оролларидан бири Реюниондан топилган парча Малазиянинг ўтган йил мартида бедарак кетган "Боинг" русумли йўловчи учоғига тегишли экани тахмин қилинмоқда. Аммо, Малазия ҳукумати бу борада аниқ гапиришга ҳали "эрта" эканини айтган.

2 метрча узунликдаги самолёт қисми чоршанба куни топилган.

Малайзия Транспорт вазири ўринбосари Абдул Азиз Каправи эса, ушбу топилма "Боинг-777" учоғи парчаси эканига "қарийб шубҳаси йўқ"лигини билдирган.

Айтилишича, парвоз рақами MH370 бўлган учоқ Ҳинд уммони узра ғойиб бўлган ягона "Боинг-777"дир.

2014 йилнинг 8 март куни Куала-Лумпурдан Пекинга учган учоқда 239 инсон бўлган.

Реюнион оролидан топилган учоқ бўлаги суратларини ўрганган авиация экспертлари ҳам у "Боинг-777" қанотининг ҳаракатланувчи қисмига ўхшашини тасдиқлашган.

Ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ғойиб бўлган "Боинг-777" назоратчисининг рафиқаси Жакита Гонзалес Би-би-сига гапираркан, янгиликдан кўнгли вайрон бўлганини айтган.

"Кўнглимнинг бир томони у MH370га тегишли бўлсин, дейди. Шу билан эримни рисоладагидек дафн қилган ва бунга қайсидир маънода якун берган бўламан. Аммо, бошқа бир томоним "йўқ, йўқ, йўқ", чунки ҳали ҳам умид бор, дейди".

Франция ҳудуди ҳисобланадиган Реюнион ороли Мадагаскар шарқидан 600 чақирим учоқда жойлашган.

Учоқни излаш саъй-ҳаракатларига Австралия бошчилик қилиб келади. Қидирув ишларида Ҳинд уммони жануби - Реюнион ороли шарқидан 4, 000 чақирим кенгликдаги ҳудудга эътибор қаратилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio