Хиросимага атом бомбаси ташланганига 70 йил тўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Японияда Хиросима шаҳрига атом бомбаси ташланиши оқибатида ҳалок бўлганларни хотирлаш маросимлари ўтказилмоқда.

Илк хотира тадбирлари 5 август куни диний маросимлар билан бошланган.

Атом бомбаси улоқтирилган сонияда бир дақиқалик сукут сақланган.

1945 йил 6 август куни эрталабки соат 8:10 ларда Американинг B-29 Enola Gay бомбардимончи учоғи Хиросима шаҳрига уран бомбасини улоқтирган.

Бомбанинг кучи 20 минг тонна тринитротолуол ёки ТНТга тенг бўлган.

Бомба ер сатҳидан 600 метрча баландликда портлаган.

Портлаш оқибатида ҳаво ҳарорати 60 миллион даражага етган, яқин-атрофдаги инсонларни шу заҳоти ҳалок этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўша куни камида 70 минг инсон нобуд бўлган.

Бомба ташланганидан кейинги кунлар, ҳафталар ва ойларда радиациядан заҳарланиш оқибатида минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмганлар.

Ўша пайтда Хиросима шаҳрининг аҳолиси сони 245 минг бўлган.

Атом бомбаси оқибатида ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг сони Хиросимада камида 140 минг кишини ташкил этган.

Айрим манбалар Хиросима қурбонлари сони 200 мингга етишини айтадилар.

Бугун эрталаб Хиросимада бомба эпицентри яқинида ташкил этилган хотира боғида 40 минг киши тўпланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тўпланганлар қаршисида Япония Бош вазири Шинзо Абэ нутқ сўзлаган.

Бомба Хиросимада минглаб одамларни ҳалок этибгина қолмасдан, тирик қолганларга чидаб бўлмас азоб-уқубатлар келтирди, деб айтган бош вазир.

"Бугун Хиросима қайта тикланди ва маданият ва фаровонлик шаҳрига айланди. Орадан 70 йил ўтиб мен яна бутун дунёда тинчлик зарурлигини урғуламоқчиман", деб айтган жаноб Абэ.

У бутун дунёда ядровий қуролсизланиш муҳимлигини таъкидлаган.

Кечроқ Мотоясу дарёсига минглаб қоғоз чироқлар оқизишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Қоғоз чироқлар японларнинг эътиқоди бўйича бу дунёдан ўтганларнинг руҳи сафарини англатади.

Хотира маросимида Бош вазир Шинзо Абэдан ташқари Хиросима шаҳри ҳокими Кадзуи Мацуи, АҚШнинг Япониядаги элчиси Кэролин Кеннеди ҳам қатнашганлар.

Ушбу маросимлар Бош вазир Шинзо Абэнинг Япония ҳарбий қудрати билан қонунчиликка ўзгартириш киритишга интилаётгани манзарасида кузатилмоқда.

Жаноб Абэ дунёдаги Япониянинг ҳарбий роли оширилиши лозим деган фикрда ва парламмент орқали бу борадаги қонун қабул қилинишини истамоқда.

Бироқ Япон жамиятида ушбу ғояга қаршилик кузатилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ