"Бэтмэн" филми ҳужумчиси ўлим жазосидан қутулиб қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Холмс ваҳимали қичқириқларни эшитмаслик учун қулоқларига тиқилган плейер мосламасини энг баланд овозга қўйиб олган. Қурбонларнинг энг ёши олтида бўлган.

2012 йил Американинг Колорадо штатидаги кинотеатрда "Бэтмэн" филми томошаси пайти 12 кишини отиб ўлдирган ва 70 тасини ярадор қилган шахс ўлим жазосидан қутулиб қолган.

Ҳайъат якдил қарорга келолмагани сабабли Жеймс Холмс автоматик равишда озодликка чиқиш шартисиз бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Невролог-талаба бўлган Холмснинг ҳимоячилари мижозлари ҳужум қилган пайти руҳан носоғлом ҳолатдалигини айтганлар.

Ҳайъат аъзолари судланувчининг касаллигини тан олган бўлсаларда, у ўз қилмиши учун жавоб беришга масъулияти деганлар. Қоралов томони бу борада бир фикрда бўлганлар.

Июл ойида Холмс қотиллик айблови билан 167 модда бўйича, хусусан, қотиллик, қотилликка уриниш ва портловчи моддалардан ноқонуний фойдаланиш каби бандларда айбдор деб топилган.

Тўққиз аёл ва уч эркакдан иборат ҳайъат Холмсга ўлим ҳукми ёки умрбод қамоқ жазоси беришни танлаши керак эди.

Шундай бўлсада, ўлим ҳукми ҳайъат аъзоларининг ҳаммаси якдил овоз берганидагина мумкин бўларди. Бироқ икки кунда бундай қарорга эришилмаган.

Маҳкама мажлиси Колорадонинг Сентенниал штатида бўлиб ўтган.

Қурбонларнинг оила аъзолари жараёнинг узоқ давом этганидан норози бўлганлар ва бу ишга тезроқ адолатли нуқта қўйиш кераклигини айтганлар.

2012 йил 20 июлда автомат ва тўппонча билан қуролланган Холмс Аврора шаҳри кинотеатрининг орқа эшигидан "Қора рицар" киносининг тунги намойишига кириб борган.

Ҳакамлар ҳайъатига кўра, у ваҳимали қичқириқларни эшитмаслик учун қулоқларига тиқилган плейер мосламасини энг баланд овозга қўйиб олган.

У тутун гранаталарини улоқтирган ва қочишга уринган одамларга қарата тартибсиз ўт очган. Қурбонларнинг энг ёши олтида бўлган.

Қоралов томони ҳужум олдиндан ўйлаб, режалаштирилганини таъкидлаган. Ҳужумдан бир неча ой олдин Холмс квартирасига турли қуролларни йиққан. Жумладан, кимдир уйига киришга уринганда ўлдириш учун 30 қўлбола граната билан миналаштирган.

Унинг ота-онаси Роберт ва Арлин Холмсга кўра, ўғиллари "монстр" эмас, балки жиддий руҳий хасталикка чалингандир.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio