Афғонистонлик аёллар номларини айтишни нега истамайдилар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Афғонистондаги аёллар исмларини айтмасликлари кўпинча оилавий ҳолатларига боғлиқ бўлади.

Айрим аёллар шифокорга мурожаат қилганларида, шифокор рўйхатига ўз исмларини киритмасдан, кўпинча турмуш ўртоқларининг номини беришни маъқул кўрадилар.

Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Калдор туманилик аёл шифокор берган нусхада ўз исмини ёзмагани сабабини шундай тушунтиради: "Сабаби ўз отимни ёздирсам эримга хуш келмайди, қавму-хешларига ҳам ёқмайди. Агар касал бўлиб қолсам ё болаларимнинг ё турмуш ўртоғимнинг отини бераман", дейди аёл.

Бу ҳолат нафақат туман, қишлоқлардан келган аёллар ўртасида тарқалган, балки шаҳар ичида ҳаёт кечирадиган оилалар орасида ҳам кузатилади.

Шифокор қоғозида номини бермаган яна бир аёл гапираётиб, ўз исмини айтишни ҳам истамайди.

У оилавий қийинчилиги борлиги, шароити мос эмаслигини изҳор этади.

"Эрим ўз номимни беришга рухсат этмайди. Кўпинча улар ор-номус қиладилар ва ҳаётимизда ҳам мушкулликлар бор. Одамларнинг билим даражаси -саводи фарҳанги ортда қолган. Шунинг учун эркаклар аёлларининг отини дўхтирга айтишга рухсат бермайдилар. Биз шаҳарда ҳаёт кечирамиз. Лекин рухсат беришмайди номимизни нусхада беришга", деб айтади у.

Абдул Башир исмли киши айрим аёллар ўз номларини шифокор нусхасида бермасликларини турли қийинчиликка дуч келишлари билан изоҳлайди: "Ҳар кимнинг фикрига кўра ҳам, бу яхши иш эмас. Ўзи мушкулотларга қолади. Бошқа бир жойларга мурожаат қилган пайтлар масалан, дўхтирга ёки паспорт олмоқчи бўлса ёки Покистон, Эронга борганда ҳам муаммолар туғилади кейин. Бундайлар кўпроқ саводи бўлмаган кишилар, баъзан эса саводи борлар орасида ҳам учрайди. Саводлилари ҳам шундай қилганини, ўзини отини ўрнига эркакни отини берганини кўриш мумкин. Одамлар аёлни исмини айтишни ўзига уят деб билади".

Афғонистондаги касалхоналардан бирида ишловчи Доктор Абдул Саттор Самадийнинг айтишича, касаллар шифокорга мурожаат қилишларида уларнинг шахсий маълумотларини олиш зарур бир масала. "Бу кўп муҳим масалаки, ҳар бир қоғоз нусхада ўша касалнинг ўз оти бўлиши керак. Бу касалнинг отидан бошқа деталлари ҳам бўлиши керак. Ёши қанча, жинсияти нима, адреси қаерда, ҳатто зарурат вақтда баъзан дўхтир ўша мижозини телефон номерини олиш керак. Унга ёрдам этиш учун. Баъзи ҳидоятларни бериш учун. Шунинг учун ҳар касалнинг исмини қоғозга битиш бир зарурият. Нима учун? Баъзан қоғозлар алмашиб ёки ўзгариш бўлиб қолиши мумкин. Эсимга иккита касал келади. Иккаласиниям оти бир хил. Ўша маълумотларга қараб бу неча ёшда, нима жинсда, ва бошқалар ҳақида билиш мумкин. Лекин бир хил пайтлар иккита нусха бир хил исмда бўлса бу қийинчилик туғдиради. Бундай ҳолатлар эса афсуски кўп учрайди. Ҳар касал фойда олиши учун ўз исмини айтиши керак деб биламан", дейди доктор Самадий.

Баъзи афғонистонликлардан оналарининг исмини сўралса, айтишни истамайдилар. Ёки оилада она исми умуман ишлатилмагани боис, фарзандлар она исмини билмасликлари ҳам мумкин.

Замон ўзгариши билан Афғонистон халқининг аксариси ҳануз кўзга кўринмас урфу-одатларга суяниб келар экан, уларнинг айримлари саводдан бебаҳра қолганликлари, турли масалалардан огоҳ эмасликлари ҳаётларида қўшимча қийинчиликларни пайдо қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio