"Қизини эсдан чиқариб 150 километр йўл юришди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Денгиз соҳилига йўл олган оила уч яшар қизалоғини дам олиш жойида қолдириб 150 километр йўл босишди.

Шунда ҳам фақат радио орқали бир қизча топилгани ҳақидаги хабарни эшитганларидан кейингина машина ичида қизлари йўқлигини билиб қолишди.

Францияда истиқомат қиладиган оила катта автотрасса бўйлаб якшанба куни эрталаб йўлга чиққан, улар мамлакат жанубидаги Марсел соҳилларида денгизда дам олишга қарор қилганлар.

Тушга яқин йўлда тўхтаб дам олишга қарор қилганлар.

Валанс шаҳридан жануброқда, катта йўл четидаги Брас де Зил деган жойда ҳайдовчилар ҳордиқ жойида тўхтаганлар.

Тушлик овқатни еб бўлганларидан кейин машинага ўтириб яна йўлга тушганлар.

Уч яшар қизалоқнинг бир ўзини кўрган бошқа бир оила аъзолари эса у билан савол-жавоб қилганлар.

Ва хаёли паришон ота-онанинг қайтишини кутганлар.

Орадан икки соатча ўтиб ҳам йўқолган қизни излаб ҳеч ким келавермагач, ҳалиги оила полицияга хабар беришга мажбур бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Полиция келиб "сизлар қаерга бораётган эдинглар", деб сўраганида, қизалоқ денгиз соҳилига йўл олганларини айтган.

"Сен билан бирга яна ким бор эди?", деган саволга акаси ва синглиси ҳам бўлганини айтган.

"Улар қани?", деган саволга эса "отамни машинамизни ҳайдаб кетаётганини кўрдим", дея жавоб қайтарган.

Полиция автотрасса радио канали орқали хабар тарқатган ва отасининг полицияга боғланишини сўраган.

Бу пайтда ота-онаси эса жанубга қараб 150 километр йўл юриб, Окс-ен-Провенсга ҳам етиб қолган эди.

Радио орқали эълонни эшитиб машина ичига яхшироқ разм солган катталар қизлари қолиб кетганини англаганлар.

Орадан яна икки соатлар ўтганидан қизча ота-онаси билан кўришган.

Маҳаллий прокурорлар бу ота-онага қарши жиноят иши қўзғатиш керакми ёки йўқми дея бош қотирмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio