Кобул аэропорти яқинида худкушлик ҳужуми

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Толибон Афғонистон пойтахти Кобул аэропорти асосий дарвозасида худкушлик ҳужумини содир этган.

Полицияга кўра, беш инсон ҳалок бўлган, 16 киши яраланган.

Худкуш ҳужумчи бошқарган автомобил Кобул аэропортига кириш жойидаги текшириш нуқтасида маҳаллий тушки вақт портлаган.

Толибон ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Толибон хорижликлар нишонга олинганини айтган.

Аммо ҳужумда бирор бир чет эллик жабр кўрган-кўрмагани аниқ эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳодисадан кўп фурсат ўтмасдан журналистлар ҳужум саҳнасига борганлар.

Видеокадарларда осмонга қалин тутун ўрлагани, ўт ўчирувчилар ва тез тиббий ёрдам автомобиллари етиб келганини кўриш мумкин.

Кобул полициясига кўра, жабрланганларнинг аксари тинч фуқаролар бўлганлар.

Яраланганлар орасида бола борлиги ҳам хабар қилинган.

Ушбу ҳужум камида 50 инсон умрига зомин бўлган жума кунидан кейинги ҳалокатли ҳужум бўлган.

Ўша куни полиция академияси биноси яқинида худкуш ҳужумчи ўзини портлатгани оқибатида полицияга ишга ёлланишга келган 20 га яқин киши ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу ҳужумдан кўп ўтмай қуролли шахслар аэропорт яқинидаги ҳарбий жамлоққа ҳужум қилган.

Бу жамлоқ АҚШ махсус қўшинлари жойлашган НАТО базаси ҳисобланади.

Ҳужум оқибатида 11 киши, шу жумладан бир америкалик аскар ва шартнома бўйича ишлаётган саккиз киши ҳалок бўлган.

Пайшанбадан жумага ўтар кечаси эса портловчи модда ортилган юк автомобили Кобулнинг Шоҳ Шоҳид мавзесидаги армия базаси портлатилган, бу портлаш 15 инсон умрига зомин бўлган.

Толибон полиция академиясига ҳужум ортида турганини тан олган, бироқ қолган икки ҳужум ҳақида ҳеч нарса демаган.

БМТ расмийси айтишича, ушбу ҳужумлар Мулло Умар ўлимидан кейин Толибон ичида қудрат учун кураш бошлангани натижаси бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган ҳафта Толибон видео эълон қилган.

Бу видеода Толибон аъзолари гуруҳ раҳбари сифатида Мулло Ахтар Мансурга байъат бераётганлари тасвирланган.

Лекин таҳлилчилар фикрича, ҳозир Толибон ичида Мулло Мансур дастакловчилари ва унга қарши бўлганлар ўртасида ички кураш бошланган бўлиши мумкин.

Кобул аэропорти яқинидаги портлашни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани "қирғин" деб атаган.

Телевидение тўғридан-тўғри намойиш этган матбуот анжуманида сўнгги зўравонликлар учун жаноб Ғани Покистонни айблаган.

"Сўнгги бир неча кун шуни кўрсатмоқдаки, худкуш ҳужумчиларни тайёргарликдан ўтказиш жамлоқлари ва бизнинг одамларимизни ўлдирадиган бомба ишлаб чиқариш заводлари худди аввалгидек бугун ҳам Покистонда фаол. Биз тинчликка умид қилмоқдамиз, бироқ Покистон уруш муждаларини олаяпмиз", деб айтган Президент Ашраф Ғани.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ