Украина учоқ фалокати жойидан "Россия ракетаси қолдиқлари топилди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Голландиялик терговчиларнинг айтишларича, Украинада MH17 парвози қулаган ҳудуддан Россиянинг "Бук" зенит-ракета комплексига тегишли экани шубҳа қилинган қисмлар топилган.

Терговчиларга кўра, бу топилма фожеа ортида ким турганини аниқлашга ёрдам бериши мумкин.

Самолёт қулаган жойда топилган қисмлар ва бошқа жиҳозлар ҳозирда Голландияда Нақлиёт хавфсизлиги кенгашида сақланмоқда.

Терговга қуроллар бўйича мутахассислар ҳам жалб қилинган ва улар эндиликда ракета қолдиқлари ва фожеа ўртасида боғлиқлик бор ё йўқлигини аниқлашга уринадилар.

MH17 ўтган йил июлида Россияпараст исёнчилар назорати остидаги Донецк вилоятида қулаши оқибатида ундаги 298 одамнинг бари ҳалок бўлганди.

Нобуд бўлганлар орасида 283 йўловчи, хусусан 80 бола, шунингдек, 15 экипаж аъзоси бўлган.

Талафотларнинг учдан икки қисми Голландия фуқаролари бўлган, ўндан ошиғи малайзиялик, қолганлари эса Австралия фуқаролари эди.

Украина ва кўплаб Ғарб давлатлари Россияпараст исёнчиларни Россия томонидан берилган "Бук" ёрдамида Малайзия Ҳаво Йўлларига тегишли бўлган учоқни уриб туширишда айблашган.

Россия ва исёнчилар бу айбларни рад этишади ва фожеага Украина армияси сабабчи эканини айтишади.

Терговга Голландия, Украина, Белгия, Малайзия ва Австралия вакиллари жалб қилинган.

Уларнинг якуний ҳисоботи октябрда чоп этилиши кутилади.

Икки ҳафта аввал Россия фожеа борасида халқаро трибунал тузиш бўйича резолюция қарорига қаршилик кўрсатиб, халқаро танқидларга учради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio