Хитойдаги портлаш: Тянзинда намойишлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Тянзинликлар портлаш сабаблари ва қурбонлар ҳақида аниқ маълумот берилишини сўраганлар.

12 августда содир бўлган кимёвий портлаш натижасида уйлари вайрон бўлган тянзинликлар ҳукуматдан товон пули талаб қилиб, намойишга чиққанлар.

Қурбонларнинг яқинлари ҳам расмийлардан аниқ хабар берилишини сўрамоқдалар.

Хитойда оммавий намойишларни ташкил қилиш жуда кам учрайдиган ҳодиса. Бироқ Тянзин ҳодисаси орқасидан ҳукумат танқидларга ва намойишларга нисбатан бироз ён босишга мажбур бўлган.

Юзлаб кишилар ҳукумат вакиллари матбуот анжумани берган Mayfair Hotel олдида тўпланганлар. Полиция намойиш иштирокчилари бино олдига кириб бормасликлари учун улар турган жойни ўраб олган.

Тянзинликлар уйлари яқинида портлаш юз берган кимёвий омборнинг жойлаштирилгани ноқонуний эканини айтганлар. Омборда айнан қандай модда сақланганини ошкор этишни талаб қилганлар.

Тянзиндаги Ruihai International Logistics фирмасига қарашли омборда 700 тоннадан ортиқ заҳарли натрий цианид сақланганига ишонилади.

Расмий рақамларга кўра, ҳозиргача ҳалок бўлганлар сони 114та

100 га яқин инсон, ундан 85 таси ўт ўчирувчилар бедарак қолмоқда

700 дан ортиқ киши жароҳатланган, касалхонадаги ўнлаб инсонларнинг аҳволи оғир

Камида 6000 инсон бошпанасиз қолган

17 минг уй портлашдан вайрон бўлган.

"Биз ҳозирданоқ ўзимизни яхши ҳис қилмаяпмиз. Зарарланган атроф муҳит бир-икки йилда тозаланиб қолиши ҳам мумкин эмас. Бу келгусида бизнинг фарзандларимизга ҳам хавф туғдиради", деган намойишга чиққан маҳаллий кишилардан бири.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS TV
Image caption Бедарак кетган ўт ўчирувчиларнинг яқинлари ҳақиқатни билишни истайдилар.

Шунингдек, портлаш оқибатида ҳалок бўлганларнинг, аксарияти ўч ўчирувчиларнинг оила аъзолари етарли маълумот йўқлигидан норозилик билдирганлар.

"Портлашдан буён неча кун ўтди. Мен эса ўғлим тирик ёки йўқлигини билмайман. Ҳукумат ҳеч қандай аниқ бир маълумот бермаяпти", дейди бедарак йўқолган ўт ўчирувчининг отаси.

Текширувчилар портлаш ҳудудида заҳарли натрий цианид моддасини аниқлаганлар. Пекин ҳарбий округи раҳбари Ги Луцзе Тянзиндаги омборда катта миқдорда цианид моддаси сақланганини тан олган.

12 августда содир бўлган портлаш кучи катталигидан, 2 км масофадаги ҳудудга таъсир кўрсатган, биноларнинг ойналари тўлиқ синиб кетган, минглаб машиналарга ўт кетган. Гувоҳлар портлашдан кейинги манзарани "арвоҳ шаҳар"га ўхшатганлар.

Ҳодисадан кейинги кунларда ҳам бир неча портлашлар содир бўлган, ёнғинлар келиб чиққан. Хитой ҳукумати портлаш сабаблари ва оқибатлари ҳақида хабар тарқатган ўнлаб интернет сайтларига, юзлаб ижтимоий тармоқ саҳифаларига тўсиқ қўйган.

Хитой Бош вазири Ли Кэсян ҳодисадан тўрт кун ўтиб шанбада Тянзинга борган, касалхонада ва вақтинчалик яшаш жойларида одамлар билан учрашган, текширувчиларнинг фикрлари билан қизиққан.

Портлаш сабаблари ўрганилмоқда.

Бутун мамлакат бўйлаб хавфли кимёвий ва портловчи моддаларни сақлаш шароитларини текшириш бошланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio