Бош вазир: бу Таиланд тарихидаги энг ёмон ҳужумдир

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Камида 20 инсон умрига зомин бўлган пойтахт Бангкок ибодатхонасидаги бомба портлашини Таиланд тарихидаги энг ёмон ҳужум, деб атаган зўравонликдан сўнг гапирган Бош вазир Прают Чанг-оча.

Бош вазир ҳамда полиция раҳбари айтишларича, ҳужумнинг асосий нишони хорижий сайёҳлар бўлган.

Бангкок марказидаги Эраван ибодатхонаси яқинидаги портлашда ҳалок бўлганларнинг камида саккиз нафари чет эллик экани хабар қилинди.

Хитой расмийлари ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари шу мамлакат фуқаролари бўлганини тасдиқлаган.

Таиланд расмийлари портлашни уюштирган одам шахси аниқланмаганини айтганлар, бироқ полиция ибодатхона кузатув камерасига тушиб қолган гумондор видеосини эълон қилган.

Эраван ибодатхонаси олдидаги ҳужум кечки соат еттиларда рўй берган.

Орадан бир неча соат ўтиб, шаҳардаги каналга бомба улоқтирилган ва кучли портлаш кузатилган.

Бу ҳужумда ҳеч ким жароҳатланмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эраван ибодатхонаси олдидаги ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган.

Би-би-сининг Бангкокдаги мухбири Жонатан Хед айтишича, ҳозир ҳамма бу ҳужумни ким ташкил қилган бўлиши мумкин деб бош қотираяпти.

Гумон остига тушадиганларнинг сони ҳам оз эмас.

Ана шундай гумон қилинаётган гуруҳлардан бири Таиланд жанубидаги ўзларининг мустақил давлатини барпо этишни мақсад қилган мусулмон исёнчилардир.

Улар бундан олдин мотоциклга ўрнатилган бомба ҳужумларини кўп марта содир этганлар, бироқ бу ҳужумлар доим ўзлари истиқомат қиладиган мамлакат жанубидаги ҳудуддарда уюштирилган.

Шунингдек, Таиландда охирги ойларда юз берган сиёсий зўравонликлар сиёсий кучлардан бирортасини мана шу қадамга ундаган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

Полицияга кўра, уч килограммча портловчи модда портлатилган, бу зарар кучини кўпайтириш мақсадида ясалган қўлбола бомба бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio