Тож Маҳал қандили нега қулаб тушди?

Ҳиндистон расмийлари бутун дунёга машҳур Тож Маҳал меъморий обидаси кириш жойида ўрнатилган 60 килограмм оғирликдаги қандил нега қулаб тушгани юзасидан текширув бошлаганлар.

Ҳодиса 19 август куни юз берган.

Аградаги Тож Маҳалнинг асосий кириш жойига ўрнатилган баландлиги бир метр 80 сантиметр, эни бир метр 20 сантиметрни, оғирлиги эса 60 килограммли қандил тушиб кетган.

Бу пайтда мажмуада сайёҳлар кўп бўлган.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, Тож Маҳал ходимларидан бири қандилни тозалаб турган пайти пастга қулаган.

Ҳеч ким жароҳатланмаган.

Бироқ қандил йиқилиб тушгани сайёҳлар орасида ваҳима, ур-йиқит бошланишига сабаб бўлган.

Сайёҳлар қочиб чиқишни бошлаганлар.

Расмийлар мажмуага киришни тўхтатиб қўйган.

Тож Маҳални муҳофаза қилиш мутахассислари раҳбари доктор Бхуван Викрам Сингхнинг Ҳиндистон матбуотига айтишича, қандил қулашига нима сабаб бўлгани синчиклаб ўрганилади.

"Менинг ўзим шахсан бу текширувга раҳбарлик қиламан. Текширув якунланиб, таҳлил қилинганидан кейин қандилни яна таъмирлаб бўладими-йўқми, аниқ бўлади", деб айтган бош нозир қадимшунос доктор Бхуван Викрам Сингх.

XVII асрда Бобурий подшоҳ Шоҳ Жаҳон ўзининг суюкли жавзаси, 14-фарзандини туғаётиб ҳаётдан кўз юмган Мумтоз Маҳал хотирасига бағишлаб оқ мармардан қаср барпо эттирган.

Бугун дунёнинг мўъжизаларидан бири, энг гўзал муҳаббат рамзи деб кўриладиган Тож Маҳал қурилган пайти унинг дарвозасида қандил бўлмаган.

1857 йили Британия Ҳиндистонни босиб олишга ҳаракат қилган пайтда Аграда кечган жанглар пайти Тож Маҳалнинг бир қисми шикастланган.

Ҳиндистон Британия мустамлакасига айланганидан кейин Ҳиндистон генерал-губернатори лорд Керзон Тож Маҳални таъмирлашга буйруқ берган.

Тарихий обида чиройини янада ошириш мақсадида 1905 йили мажмуага кириш дарвозасида мис қандил ўрнатишга қарор қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ