Лукашенко ўз рақибларини 'авф' этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Президент Лукашенконинг сиёсий рақиблари 4 йил олдин ҳукм этилгандилар.

Беларусда қамоқдан озод қилинган сиёсий маҳкумлар орасида энг таниқлиси мамлакат президентининг собиқ сиёсий рақиби Николай Статкевичдир.

Жаноб Статкевич 2010 йилги президентлик сайлови пайти ўтказган норозилик амалиёти ортидан калтакланган ва ҳибсга олинганди.

Кейинроқ Минск расмийлари уни оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ҳаракатларида айблаб, олти йилга озодликдан маҳрум этганлар.

Ҳукумат вакилларига кўра, мухолифат раҳбари бўлган Николай Статкевич ва бошқа сиёсий маҳкумлар инсонпарварлик нуқтаи назаридан кечирилдилар.

Айни дамда, узоқ йилларга ҳукм этилган беларуслик анархистлар гуруҳи ҳам озодликка чиқарилган.

Хусусан, 2011 йили Минскдаги Россия элчихонасига ҳужум уюштиришда айбланган Николай Дедок ва Игорь Олиневич ҳам энди эркинликда.

Шунингдек, кўкрагига "Лукашенко, кет!" деб татуировка урдирган кекса ҳайдовчи Юрий Рубцов ҳам жазодан озод этилди.

Беларусь Оврўподаги энг сўнгги диктатура, деб кўрилади.

Бу ердаги сиёсий чеклов, тазйиқ ва ёпиқлик собиқ Совет ҳудудида фақат Туркманистон ва Ўзбекистонга солиштирилади.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ анча пайтдан бери Беларусь мухолифати вакиллари ҳамда сиёсий тутқунларини озод қилишни талаб қилиб келарди.

Ғарбга кўра, сиёсий маҳкумларнинг озодликка чиқарилиши Минск билан муносабатларни яхшилаш ва келаси президентлик сайловининг ҳақиқий, деб тан олиниши учун муҳим шартдир.

Беларусь президентлик сайлови эса келаси 11 октбярга мўлжалланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ