Эронда Британия элчихонаси очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бундан тўрт йил бурун Эронлик намойишчилар Британия элчихонасига ҳужум қилишганди

Теҳрондаги Британия элчихонаси бундан тўрт йил муқаддам ёпилган эди.

Бугун Британия дипломатик ваколатхонасининг Теҳронда қайта очилиш маросимига борган Ташқи ишлар вазири Филип Ҳэммонд эронлик дипломатлар билан ҳам кўришган ва келаси алоқалар борасида умидли фикрлар айтган.

Теҳронда нутқ сўзлаган Британия Ташқи ишлар вазири "ҳар доим фикрлари бир жойдан чиқмаса-да, Британия ва Эрон биргаликда чексиз ютуқларга эришишлари мумкин"лигини қайд этган.

Жаноб Ҳэммонд ўтган 12 йил ичида Эронга келган илк Британия Ташқи ишлар вазири бўлмоқда. Шу боис бу кун Лондон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик муносабатларда тарихий сана, деб кўрилмоқда.

Лондонда ҳам Эрон элчихонаси қайта очилаётир.

2011 йил Теҳронга қарши киритилган жазо чораларидан ғазабланган намойишчилар Британия элчихонасига ҳужум қилишган ва ўшандан бери бу дипломатик ваколатхона ёпиқ қолаётганди.

Аммо бир неча ҳафта олдин Теҳрон ўз ядровий дастурларини жиловлаш бўйича дунёнинг олти нафар қудратли давлати билан келишувга бораркан, ўртада ўзаро муносабатлар ўзгараётгани аломатлари пайдо бўлди.

Лондонга кўра, Ғарб билан кўпроқ алоқаларни тиклашга эътибор бераётган Президент Ҳасан Руҳонийнинг ҳам бу ерда ҳиссаси катта.

Қатор кузатувчиларнинг фикрича, Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар, хусусан, Ироқ ва Сурияда бош кўтарган ўта радикал сунний жангарилари, яъни Исломий Давлатга қарши курашиш ҳам Ғарб ва Шиа Эронни бир қаторга қўймоқда.

Эрон - Яқин Шарқдаги ўта йирик кучга айланиш потенциалига эга, стратегик муҳим ва табиий бойликлари мўл давлат.

Бироқ Исломий тузум ҳукмрон бу давлатнинг аксиғарб мавқеи ва ядровий дастури боис Оврўпо ҳамда АҚШ Теҳронга қарши қатор жазо чоралари киритишган.

Айни дамда, Яқин Шарқнинг араб ўлкаларида авж олаётган сунний жангари гуруҳлари ҳам Ғарбни, ҳам форсийзабон Шиа Эронни бир хилда хавотирга солади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ