Порошенко:Украина келажаги "юпқа муз" устида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина мустақиллик кунида сўзлаган Президент Пётр Порошенко келаси йил "Россия тажовузи қаршисида" эҳтиёткорлик билан иш тутиш заруратидан огоҳлантирган.

Шунингдек, у Украина "юпқа муз" устида юраётгани, энг кичик нотўғри қадам ҳам ҳалокатга етаклаши мумкинлигини айтган.

Айни пайтда шарқий Луганск ва Донецк минтақаларида зўравонликлар кучайган.

Россия эса, шарқдаги исёнкорларга кўмак бераётгани борасидаги айбловларни рад қилиб келади.

Президент Порошенко тўлиқ кўламли босқин хавфи сақланиб қолаётганини таъкидлаган. Порошенконинг сўзларига кўра, буни Россиянинг 50,000 қўшини Украина шарқий чегараларига жойлаштирилгани ва 9,000 нафари исёнкорлар мустақил деб эълон қилган ҳудудларда жойлаштирилгани тасдиқлаб турибди.

Россия тарафи минтақада бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳарбий бу ишни кўнгилли равишда қилаётганини таъкидлайди.

Донецкдаги исёнкорлар воизи Эдвард Басурин жаноб Порошенко келтираётган рақамларни сафсата деб таърифлаган. Унга кўра, бу ҳақда Берлинда Оврўпо раҳбарлари йиғини олдидан босимни ошириш учун гапирилмоқда. Берлинда Украина раҳбари Олмония канцлери Ангела Меркел ва Франция президенти Франсуа Олланд билан учрашади.

Россия ўтган йил Украинага тегишли бўлган Қрим ярим оролини қўшиб олган. Бир неча ҳафта ўтиб, Луганск ва Донецкда нотинчликлар бошланган.

Украинанинг Мариупол шаҳри яқини ҳамда исёнкорлар назоратидаги Горловка шаҳарчасида жанглар аланга оларкан, февралда имзоланган оташкесим тақдири хатар остида қолган.

Эдвард Басурин Украинани жабҳа чизиғига оғир қурол-аслаҳалар келтираётганлик ва бир кунда 21 марта отишкесим шартларини бузаётганликда айблаган.

БМТ расмийларига кўра, жанглар бошланганидан бери қарийб 7,000 инсон нобуд бўлган, 17,000дан ортиқ киши жароҳатланган.

Жаноб Порошенконинг айтишича, зўравонликлар туфайли 2,100 нафарча Украина аскари ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ