Россия аскарлари Душанбедаги қотилликда айбланмоқда

Душанбеда Россиянинг Урал округи сайёр ҳарбий суди ўтган йили августда ўлдириб кетилган тожик такси ҳайдовчиси иши бўйича жиноий ишни кўриб чиқишни бошлади.

Айбланувчилар - Тожикистондаги Россия ҳарбий базасининг шартнома асосидаги икки аскари Илдар Сахапов ва Фёдор Басимов. Улар Душанбеда хизматни ўтаб келганлар.

Ўтган бир неча ой давомида Тожикистонда содир этилган бир неча оғир жиноятларда Россия аскарларининг иштироки аниқланган ва бу Тожикистон бўйлаб норозиликларга сабаб бўлган.

Қирқ ёшли Рахимжон Тешабоевнинг жасади 2014 йилнинг 19 августида ўз машинасида кўп сонли пичоқ излари ва бўғиш аломатлари билан Душанба чеккасида топилганди.

Тергов версиясига кўра, бу шафқатсиз қотилликка 103 минг рубль қийматидаги йирик қарз асос бўлган. Айтилишича, Федор Басимов марҳумга қарздор эди. У бир неча бор ўз таниши бўлган ҳайдовчидан қарзга пул олиб турган ва фоиз тўлаган.

Марҳумнинг оиласи уларга 3 миллион 70 минг рубль товон пули тўланишини талаб қилмоқда.

Айбланувчиларнинг айби исботланишида марҳум ва рус аскарлари ўртасидаги телефон суҳбатларининг нусхаси катта роль ўйнади.

Жиноий иш ҳужжатларига кўра, айбланувчи Сахапов Россиядаги дўстларига ҳам телефон қилиб, тожик ҳайдовчини ўлдиргани ва жиноятнинг тафсилотларини сўзлаб берган.

Иккала айбланувчи ҳам далиллар ҳаққоний эканини тан олишаяпти. Аммо, Сахаповнинг адвокатлари у қотилликка қўл урмагани, балки тасодифий гувоҳ бўлганини айтишмоқда.

Фёдор Басимов эса ўз айбини тан олди. Тергов чоғида у ўз ҳомиладор аёлига қараш учун пулга муҳтож бўлганини сўзлаб берди.

Суд айбланувчиларни 26 сентябргача ҳибсда ушлаб туриш бўйича қарор чиқарди.

Агар уларнинг айби исботланса, аскарлар жазо муддатини ўташ учун Россияга юборилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio