Яқин Шарқда 'таълим ҳужум остида'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

БМТга кўра, Яқин Шарқдаги қарама-қаршиликлар 13 миллион болани таълимдан мосуво қилмоқда.

ЮНИСЕФ жамғармаси янги ҳисоботида айтилишича, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада бир авлоднинг орзу-умидлари саробга айланган.

Ҳисоботда Сурия, Ироқ, Яман ва Ливиядаги қарийб 9,000 мактаб таҳсил олишга яроқсиз қолаётгани қайд қилинган.

ЮНИСЕФ минтақа бўйлаб мактаблар ва ўқитувчиларга қарши уюштирилган қатор ҳужумларни ҳам ҳужжатлаштирган.

Сароб бўлган орзулар

Ташкилотнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Петер Салама: "Ихтилофнинг салбий таъсирини минтақадаги болалар ҳис қилишмоқда", дейди.

"Бу фақат мактабларга етказилаётган моддий зарар эмас. Мактаб ўқувчилари руҳий тушкунликни бошларидан кечиришмоқда. Уларнинг орзулари ва келажаклари саробга айланмоқда".

ЮНИСЕФ ҳисоботига кўра, таълимдан бебаҳра қолаётган болалар сони 13.7 миллионни ташкил қилади.

Бу Сурия, Ироқ, Яман, Ливия ва Судандаги мактаб болалари 40 фоизи демакдир. Келажак ойларда бу рақам 50 фоизга кўтарилиши мумкин.

ЮНИСЕФ 2014 йил Сурия, Ироқ, Ливия, Фаластин, Судан ва Яманда мактабларга қарши 214 марта ҳужум уюштирилганини айтади.

Суриядаги мактабларнинг тўрттасидан бири 2011 йилнинг мартидан бери ёпиқ қолмоқда. Мазкур ҳолат боис 2 миллиондан ортиқ бола илм олишдан маҳрум қолмоқда.

"Таълим ҳужум остида" деб номланган ҳисоботда минтақа "одам ўлдириш, ўғирлаш, талабалар, ўқитувчилар ва маориф ходимлари асоссиз ҳибсга олинадиган одатий жойга" айлангани урғуланади.

Минглаб мактаб ходимлари қўрқувлар боис ўз вазифаларини тарк қилишган. Болалар эса, оилаларига ёрдам бериш учун ноқонуний ишлашга мажбур бўлишмоқда.

Шунингдек, вояга етмаган болалар жангчиларга айланишган.

Жаноб Саламанинг айтишича, минтақада таълим-тарбия билан боғлиқ вазиятни ўнглаш ҳаракатлари учун жорий йил ЮНИСЕФнинг 300 миллион долларлик қўшимча маблағга эҳтиёжи бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio