Ғарқ бўлган болакай сурати қочқинларга муносабатни ўзгартирди

Денгиз соҳилига жасади чиққан болакайнинг сурати дунёни ларзага солди Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Денгиз соҳилига жасади чиққан болакайнинг сурати дунёни ларзага солди

Денгиз Туркия соҳилларига чиқариб ташлаган суриялик болакайнинг сурати ижтимоий тармоқ фойдаланаувчиларини гангитиб қўйди. Тинимсиз акс садолар остида Британия ҳам суриялик минглаб қочқинларни қабул қилишини маълум қилди.

Туркия хабар агентликлари томонидан чоп этилган расмда 5 ёшли акаси Галип, онаси Риҳон билан бирга чўкиб кетган 3 ёшли Айланнинг соҳилда ётгани акс этган эди.

3 ёшли Айланнинг соҳилдаги жасади Оврўпа матбуотининг энг олди саҳифаларидан жой олди.

Шу вақтгача қочқинларнинг тақдирини четдан кузатаётган Буюк Британия ҳукумати тана дашномларнинг остида қолди.

Парламентда ушбу мавзуни кўтариш тўғрисидаги петиция саноқли соатларнинг ичида 300 мингдаг кўп овоз йиққан.

Жамоатчиликнинг акс садосидан сўнг Бош вазири Дэвид Камерон Британия суриялик минглаб қочқинларга бошпана беришини маълум қилди.

У Британияга Сурия чегараларида БМТ томонидан ташкил қилинган жамлоқлардан қочқинлар киртилиши мумкинлигини айтган.

Камерон аллақачон Оврўпага кириб келган қочқинлар Британияга киритилмаслигини билдирган.

“Улар бирма бир ўлишди”

Сурия матбуоти Туркияга кўчишидан олдин Дамашқда сартарошлик қилган Айланнинг отаси билан гаплашган.

Отадан иқтибос келтирилишича, у Юнонистонга ўтиш учун қайта қайта ҳаракат қилган ва охири оилани олиб ўтишга 4 ярим минг доллар сўраган икки контрабандачини топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Айлан

Ота бундан ташқари, фарзанди Сурия тортаётган азобнинг рамзи эканлигини айтган ва дунёни сурияликларга нисбатан раҳмдил бўлишга чақирган.

"Мен болаларимни охирги марта кўришни ва уларнинг олдида бир умр қолишни истайман. Бизни одам савдогари олиб келиб турк одам билан таништиргани ва қайиққа чиққанимизни эслайман. Қайиқда қайиқчи билан бирга 13 киши эдик. 4-5 дақиқа сузганимиздан сўнг қайиқчи биз томон келаётган жуда улкан тўлқинларни кўриб ўзини сувга отди ва жон сақлаб қолди. Мен қайиқни бошқаришга ҳаракат қилдим, лекин иккинчи тўлқин қайиқни олиб кетди. Мен болаларим ва аёлимни ушлашга ҳаракат қилдим, лекин умид йўқ эди. Улар бирма бир ўлишди", деган Айланнинг отаси.

Оила Туркиядан Юнонистон соҳилларига етиб олиш учун бошқа қочқинлар билан бирга кичикроқ қайиққа чиққан эди.

Тушкунлик

Қизил кўйлакчаси билан денгиз соҳилига чиқиб қолган болакайнинг машҳур сурати ижтимоий тармоқларида жиловсиз оловдек тез тарқалиб кетган. Суратнинг кўплаб таҳрир қилинган варианти ғазаб ва хавотир билан тақдим қилинганди.

Карикатурачилар болакайнинг қизил кўйлакчасини ишлатган ҳолда турли таъсирли расмлар чизишди.

Ушбу расмларда дунёнинг суриялик қочқинлар тақдирига бефарқ қолаётганидан хавотир ва ғазаблар битилган эди.

Болакайнинг тақдири ўзбек ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳам эътиборини тортди.

Журналист Қаҳрамон Асланов ўз муносабатини тўртлик орқали ифодалади.

Шаҳидлар қавмининг орасидалар Бевақт ўлим топган норасидалар Тушди ўт дунёнинг бор тоатига Лойиқ эл қолмади шафоатига

"Араб шайхларининг болалари Лондон, Париж Нью Йоркда Ламборжини, Астон Мартин аллам бало мошиналарни миниб юришибди. Бир тарафда суриялик фақир оилалар болаларини олиб тирикчилик илинжида урушдан қочиб, ёгоч кемаларда, денгиз ошиб бошқа юртларга кетишмоқда. Йўлда фалокат.... Қани инсонгарчилик, қани мусулмончилик эй дунё?", - дейди Олим Эшназаров.

"Кеча бу суратни кўриб юрагим эзилиб кетди. Ичимда ўкраб йиғладим. Аллоҳни ўзи жазоласин сабабчиларини", - дейди Санжарбек Ташматов

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio