Покистон тиббиёт талаба қизлари муаммоси: шифокор ёки рафиқа?

Покистон тиббиёт олийгоҳларида қизлар йигитлардан кўпроқ
Image caption Покистон тиббиёт олийгоҳларида қизлар йигитлардан кўпроқ

Покистон нуфузли тиббиёт ўқув юртларида талаба қизларнинг йигитларга қараганда сони кўпроқ ва билим олишда юқорироқ натижа кўрсатишади. Бироқ қизлар ўқишни битиргач шифокор бўлиб ишлашдан бош тортади. Ўқув юртларида уларнинг сонини камайтириш борасида чақириқлар янграмоқда.

Йигирма тўрт ёшли тиббиёт талабалари томоқ инфекциясини даволашни ўрганишмоқда. Улар ўтаётган дарс беморнинг касал бўлишини олдини олиш ва томоқ анатомиясига бағишланган.

Дарсда қатнаётган аёл –хақиқий бемор. Ўқитувчи бир неча қиз талабани уни кўриб, баданини текширишга чақиради. Жамиятда ўрнатилган аҳлоқий қарашлар туфайли, аёл киши эркак шифокор уни кўришига рози бўлмаслиги мумкин. Бироқ домла ташвишланмаса ҳам бўлади, чунки атрофида ўн етти талаба қиз ва бор йўғи уч йигит тўпланган.

Покистон тиббиёт коллежларида эркаклар “йўқолиб бораётган турларга” айлангандек...

“Эрни қўлга киритиш”

Покистонда тиббий касбни рўйхатга олиш ташкилотига кўра, мамлакатда тиббиёт талабаларининг 70 фоиздан қўпроғини қизлар ташкил қилади. Бу каби тиббиёт ўқув юртларига кириш жуда қийин ва рақобат ўта қаттиқ кечади.

Коллеж раҳбарларидан бирининг менга айтишича, талабалар юз ўринга 10 минг ариза топширишган. Ўта нуфузли коллежларга кириш учун талабалар 90 фоиздан ортиқроқ бал олиши керак.

Мен отарингологга ўқиётган бешинчи курс талаба йигитдан нима сабабдан қизлар йигитлардан устун келади деб сўрадим?

“Йигитлар дўстлари билан кўпроқ кўчага чиқиб айланади. Қизлар эса уйдан чиқолмай жонларини жабборга бериб ўқишади”, - дейди у.

Image caption Покистондаги нуфузли тиббиёт олийгоҳларига киришда рақобат ўта юқори

Бошқача сўз билан айтганда, талаба қизларнинг ўқишга берилиб ўқишлари уларнинг кўпроқ уйда ўтиришларига боғлиқ.

Ҳукумат рақамларига кўра, мазкур аълочи қизлар ўқишни битиргач, аксар ҳолда шифокорлик қилмайдилар. Бугунги кунда мамлакатда расман рўйхатдан ўтган шифокорларнинг фақат 23 фоизи аёллардир.

Катта ютуқ

Исломободда жойлашган нуфузли Шоҳид Зулфуқор Али Бҳутто номли тиббиёт дорилфунуни ректори Жовид Акромнинг айтишича, академик соҳада қизлар ўғил болалардан ўтиб кетмоқдалар. Лекин шу билан бир вақтда, унинг тан олишича, баъзи талаба қизлар касб йўлидан кетишдан кўра ўзларига эр топишни афзал кўрадилар.

“Шифокорликка ўқиган қизга турмушга чиқиш осонроқ, гарчи профессионал жиҳатдан ишламаса ҳам. Мен малакали терапевт ёки тиш шифокори бўлиб туриб умрида бирон марта беморни кўрмаган юзлаб талаба қизларни биламан,” - дейди у.

Аксар шифокорлар, хоҳ эркак бўлсин хоҳ аёл, менга ишониб айтишларича, уйланиш бозорида шифокор дипломи жуда катта ютуқ деб саналади.

Мен бу қарашларни тасдиқлаш мақсадида Камрон Аҳмад рафиқаси билан бошқараётган “Ойша никоҳ” бюросига йўл оламан. Уларнинг бизнеси шу қадар гуркираб ривожланганки Исломободда иккинчи бюрони очиш арафасида туришибди.

Камрон Аҳмаднинг айтишича, унга мурожаат қилаётган мижозларнинг аксари ўғиллари учун шифокор қизларни топишга уринаётган оналардир.

“Турли хил йиғилишларда таниш-билишларга келинни шифокор деб таништириш жуда обрўли деб саналади.”

Унинг давом эттиришича, агар ёш шифокор аёл сал чиройли бўлса унга турмуш ўртоқ топиш бир зумлик ишдир.

“Айтганча, турмуш қурмаган ёш шифокор қизлардан хабардор бўлсангиз, илтимос менга уларнинг контактларини қолдиринг. Бундай қизларни қидираётган йигит мижозларим жуда кўп,”- дейди у жилмайиб.

Бироқ “шифокор хотин” фақатгина ўлжа сифатида кўрилмаслиги керак. Покистон каби қашшоқ мамлакатнинг, хусусан қишлоқ жойларида, унинг йўқлиги тиббиёт тизимига катта зарар келтирмоқда.

Ҳукумат ҳар бир талабанинг ўқиши учун миллионлаб рупий ердам пули сифатида харажат қилади. Бироқ аёл шифокорлар қишлоқ жойларга бориб ишлашдан бош тортишади.

“Аёл учун қулай муҳит”

Жамиятда аёл шифокорларнинг танқислиги борасида тадқиқот ўтказган Доктор Шоиста Файсал тиббиёт коллежларига кирмоқчи бўлган қизларга квота қўйилиши керак дея таклиф билан чиқди.

Бу ҳақдаги янгилик катта мубоҳасаларга олиб келди.

“Гап квота ҳақида кетмаяпти. Биз тиббиёт ўқув юртларида ўқишни истаган абитуриентларнинг 50 фоизи эркак ва 50 фоизи аёл бўлишини талаб қилаяпмиз, холос.”

“Бу аёлларнинг ҳуқуқларини камситиш эмас. Покистон тиббиёт тизимида шифокорларнинг етишмовчилиги катта муаммо бўлиб қолмоқда.”

Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шаҳзод Акбар бунга қарши. Унга кўра, бу ерда аёллар ўта аққли бўлганлари учун камситилади.

Унинг айтишича, аксинча ҳукумат аёлларни шифокорлик касбида қолишни рағбатлантириши лозим.

“Муммонинг ечими – иш муҳитини аёллар учун қулай қилишдадир,” дейди у.

Тиббиёт коллежига қайтар эканман, у ерда орзу-хавасли икки талаба қиз билан мулоқотда бўлдим. Улар ўқишни битиргач шифокор бўлиб ишлашларига амин эканлигини айтишди.

Бироқ агар улар оила ёки касбни танлаш олдида туришса, нимани танлашади деб сўрайман.

“Ота-онамни ишлашимга рухсат беришга кўндира олишга ҳаракат қиламан, лекин рози бўлишмаса унда оилани танлайман,” - дейди 20 яшар Олия Хавар. Манза Мақсуд синфдошини қўллаб қуватлайди. “Сўзсиз оила. Бизнинг маданиятимизда оила ҳамиша биринчи ўринда келади”.

Суҳбатдошларимнинг барчаси муаммонинг “диагнози” билан рози бўлган кўринади. Бироқ уни қандай “даволаш” керак? Эҳтимол,”қаттиққўл” оилалардан келиб чиққан талаба қизларга квота киритиш керакдир?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio